Зиёфатдаги фожиа ёки ўз ҳамтовоғини шафқатсизлик билан ўлдирган ака-ука узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

Жамият 09 Январь 2017 12314
Фото: Getty Images

Қўқонлик ака-ука Рашид ва Аслиддин (исм-фамилиялар ўзгартирилган) отнинг қашқаси бўлиб улгуришган. Бири муқаддам безорилик қилиб бировга қасддан тан жароҳати етказгани, тартибга чақирган ҳокимият, жамоатчилик вакилига қаршилик кўрсатгани, талончилик қилгани, бири гиёҳвандлик моддаларини етиштириб сақлагани, ўғирлик, фирибгарлик жиноятларини содир этгани учун судланган. Иккови ҳам хавфли рецидивист деб топилган. Аслиддиннинг ҳамтовоғи Абдулҳапиз ҳам амнистия актига биноан жазодан озод этилганига шукур қилмай, такроран жиноятга қўл урган, талончилик қилиб судланган, 3 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб келган.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, судланувчилар расман ҳеч қаерда ишлашмаган. Аслиддин ўзини савдо-сотиққа урган, кўпқаватли тураржой биноларидан бирининг биринчи қаватидаги, турмуш ўртоғининг номида бўлган хонадонни “офис” қилиб олган. Озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдосини йўлга қўйган таниши Баҳриддин билан олди-сотди, ўзининг тили билан айтганда, “муомала” қилиб турган. Маънавий қашшоқлик, иззатталаб, қонунларни менсимаган ака-ука, оғайнилар айшу-ишратга берилишган. Ичкиликка ружу қўйишган. Охир-оқибат...

Шу йил баҳорда, аниқроғи, 13 март куни эрталаб Аслиддин “офис”га келди. Соат ўн иккиларда қўл телефонида андижонлик қадрдони Абдулҳапиз билан гаплашди, кўришадиган жойни тайинлади. “Беназир” кафесида “томоқни ҳўллаб” тамадди қилишди. Кафега акаси Рашид, жиянлари Алижон ва Комилжонларни, поччаси Аҳаджонни чақирди. Меҳмондорчилик авжига чиққанда қўл телефонига “муомала” қилиб турадиган ўртоғи Баҳриддин телефон қилди. “Машинамни ювдиряпман, келаверинглар гаплашиб оламиз”, деди. Рашид ва жияни Алижон “офис”га кетишди. Аслиддин ўзининг машинасида андижонлик меҳмон, поччаси ва жияни Комилжонни “мойка”га олиб борди. Абдулҳапиз, поччаси ва жияни “нард” ўйинига шўнғишди. Аслиддин ва Баҳриддин ўзаро ишларни муҳокама қилиб олишди.

“Офис”да кўнгилхушлик давом этди. Соат кундузги иккиларда Баҳриддин машинасида улфати Солижон билан келиб, даврага қўшилди. Меҳмонларга оёғи қўлида хизмат қилаётган Алижон яна бозор қилиб келди. Спиртли ичимлик ва газакларни дастурхонга қўйди. Меҳмонхонага чиқиб, Аслиддиннинг поччаси Аҳаджон ва жияни Комилжонларнинг “нард” ўйинини томоша қилиб ўтирди.
Соат кундузги тўртларда Баҳриддин меҳмонхонага чиқди. Сигарет сўради.

-  Ана олаверинг, - деди “нард”дан бош кўтармаган Комилжон.
Кайфи тароқ Баҳриддин унга ўқрайди. Унинг гап оҳанги иззат-нафсига тегди. 
-  Олиб бер дедим сенга.

Ичларида ҳушёр Алижон тўшакдаги қутидан сигарет олиб узатди. Баҳриддин сигаретни мижиғлади. Комилжонни ёқасидан тортиб турғазди.

-  Юр буёққа, биласанми, мен кимман? Билиб оласан ҳозир, - дея шапалоқ уриб, даҳлизга тортқилади. Оғзидан боди кириб шоди чиқди. Ҳақоратларини эшитган Аслиддин верандадан чиқиб келди.
-  Ҳов Баҳри, бу жияним, кайф қилиб ўтирибмиз, нима қиласан даврани бузиб, - деди.
-  Ҳе ўша сендақа... – Баҳриддин ҳамтовоғи Аслиддинни ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди. – Братишкаларимни чақираман, багажга солиб кетишади буни.

Аслиддин даҳлизда турган Баҳриддинга ташланиб, унга пичоқ санчиб олди. Верандадан югуриб чиққан акаси Рашид даҳлиздаги таёқни олиб, Баҳриддиннинг ортидан елкаси, бошига зарб билан урди. Чўккалаб қолгач, чап ва ўнг қўлини мўлжаллаб тағин икки-уч марта урди. Баҳриддин ерга узала йиқилди. Рашид унинг икки оёғини кўтарди. Жиянига “оёғига ур”, деб бақирди. Комил таёқ билан болдирига яна урди. Поччаси Аҳаджон “бўлди бас”, дея бақирди. Комил таёқни ташлади. Андижонлик Абдулҳапиз “Нафас оляпти, дўхтирга олиб бориш керак”, деди. Баҳриддин билан бирга келган Солижон ҳамон сўкинаётган Аслиддинни билагидан тортиб кўчага олиб чиқиб кетди. Машинасида уйига элтиб қўйди. Рашид, Комил ва Абдулҳапиз Баҳриддинни кўтариб чиқиб ўзининг машинасига ётқизишди. Абдулҳапиз рулга ўтириб, Комил билан касалхонага йўл олди. Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам марказига бориб, ичкарида икки нафар ҳамширага ҳовлидаги қора рангли машинада бир одам оғир аҳволда ётибди, унга қаранглар, дея ташқарига чиқди. Орадан бир неча соат ўтгандан сўнг, Комил Аслиддинга қўнғироқ қилиб, Баҳриддин касалхонада вафот этганини айтди.

Маст аҳволда бўлган ўз ҳамтовоғини шафқатсизлик билан калтаклаб, пичоқлаб ўлдирган ака-ука Рашид ва Аслиддин Қорабоевлар, уларнинг жияни Комил Сувонов, жиноятни яширган Абдулҳапиз Сойибов ва Алижон Ҳомидовларнинг айби далиллар билан тасдиқланди.

Ака-ука қотиллар узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Кўз ўнгиларида содир этилган жиноятни кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олган А.Сойибов ва А.Ҳомидовга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Кун янгиликлари
Ҳафталик: Жиззахга ташриф, янги Malibu, МХХ брифинги, “Қамчиқ”даги ёриқ, янги ҳокимлар ва Шимолий Корея машмашаси
19:13 / 29.04.2017 53483 Ўзбекистон
Дубай ўзининг Microsoft шрифтини ишлаб чиқди
Даромадли бизнес қуриш сабоқлари ва рақибларни енгиш сирлари
10:57 359 Жамият
Бугун бокс бўйича 29-Осиё чемпионатида 5 нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади
10:55 671 Спорт
Браконьердан пора олган инспектор 3 йилга қамалди
10:49 417 Жамият
НАТО: Афғонистондаги миссия кенгайтирилиши эҳтимол
10:35 424 Жаҳон
Паралимпиячилар Британиядаги сузиш бўйича халқаро мусобақада ажойиб натижа кўрсатишди
10:23 543 Спорт
Скандинавияликларни дунёнинг энг бахтли одамлари қилган 4 қоида
10:21 1857 Lifestyle
Венесуэлада норозиликлар ортида энг кам иш ҳақи 60 фоизга оширилди
10:16 503 Жамият
А Серия. «Интер» «Наполи»га ютқазди, «Милан» яна аутсайдерга очко улашди
10:13 376 Спорт
Кўпроқ янгиликлар