Японлар роботлар ва улар билан боғлиқ барча нарсани хуш кўрадилар. Кўплаб японлар роботлар кўринишидаги ўйинчоқлар ёки маиший мақсадлар учун роботлар сотиб олишади. Бироқ, кўринишича, японларнинг роботларга "муҳаббати" охир-оқибат уларга қимматга тушиши мумкин. Агар охирги тадқиқотлар натижаларига ишонилса, 2030 йилга келиб роботлар 2,4 млн японияликни иш ўрнидан маҳрум қилади.

Натижалари яқинда чоп этилган тадқиқот Mitsubishi институти мутахассислари томонидан амалга оширилган. Ҳисоботда лўнда қилиб 15 йилдан кейин Японияда иш ўринлари 2,4 млнтага камайиши ёзиб қўйилган. Бу роботлар одамларни ишлаб чиқариш жараёнларидан секин-аста сиқиб чиқараётгани билан боғлиқ. Ҳисобот муаллифлари гап тўмтоқ манипуляторлар эмас, балки сунъий онгга эга роботлар ҳақида кетаётганига урғу беришмоқда.

"Сунъий онг соҳасидаги фаол изланишлар мавжуд ишлаб чиқариш тармоғига жиддий таъсир қилиши мумкин. Бу ўз навбатида иш ўринларининг қисқаришига олиб келади, шунинг учун бугунданоқ роботлар сабабли ишини йўқотадиган одамларга кичик бўлса ҳам барқарор даромадни кафолатловчи давлат кўмак дастурларини яратиш ҳақида ўйлаб кўриш зарур", деб айтди тадқиқот муаллифларидан бири Сатоши Ширато.

Ҳисоботга кўра, биринчи навбатда, роботлаштириш саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларини қамраб олади. Ишдан бўшатилган одамларнинг бир қисми ўзларини бошқа соҳаларда синашга ҳаракат қилиб кўришади, бироқ қолганлари ҳеч нарсасиз қолишади. Японияда қоидага кўра, агар одам бирор ишга жойлашса, унда у бу ишда бутун умр ишлайди. Иш жойини ўз истаги билан ўзгартириш ҳолатлари бу ерда кам учрайди. Бироқ шунга қарамай Япониянинг кўпчилик аҳолиси бўлғуси тенденцияни ҳис қилмоқдалар ва 2030 йилга келиб сунъий онг ва робототехника бўйича мутахассислар сони 5 млн кишигача етади. Бу одамлар, ҳойнаҳой, ишсиз қолмасалар керак.