Дональд Трампнинг куёви унинг маслаҳатчиси бўлади

Жаҳон 10 Январь 2017 7450

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер президентнинг катта маслаҳатчиси бўлади. Бироқ Трампнинг қизи Иванка Оқ уйда ишламайди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги Трамп жамоасининг юқори лавозимли аъзосига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Хусусан, Кушнер савдо келишувлари ва Яқин Шарқ масалалари билан шуғулланади. Агентлик маълумотларига кўра, Иванка Трамп отасининг компаниясидаги раҳбарлик лавозимларини ҳам тарк этади ҳамда Вашингтонда уч фарзандини тарбиялаш билан шуғулланади. Сайланган президентнинг қизи, шунингдек, Дональд Трампнинг кўплаб лойиҳаларида иштирок этмайди ва бизнесидаги дивидендлар ўрнига чекланган миқдорда тўлов олиб туради. 

Жаред Кушнер ҳам Kushner Companies компанияси раҳбари лавозимидан кетади. Шу билан бирга, "сезиларли активлари" ва хорижий инвестицияларидан воз кечади ҳамда ўз ихтиёрида сақлаб қолаётган молиявий манфаатларига алоқадор ишларга аралашишдан ўзини тийиб туради.

Кушнер адвокатларининг фикрича, унинг Оқ уйдаги бўлғуси вазифаси президентга ўз маъмуриятидаги айрим лавозимларга яқинларини тайинлашга изн бермайдиган мамлакат қонунчилигини бузмайди. 

Жаред Кушнер ва Иванка Трамп Дональд Трампга сезиларли таъсир кўрсата оладиган камсонли кишилар гуруҳига киради. 

Хабарларга кўра, 11 январь уни Дональд Трамп матбуот анжумани ташкил этади ҳамда мамлакатни ва бизнесни бошқаришни қай тарзда тақсимлаш масаласига ойдинлик киритади. 

Кўпроқ янгиликлар