Имом Термизий ўзининг энг машҳур китобини ким билан учрашгандан кейин ёза бошлаган?

Жамият 10 Январь 2017 16585

Оламларни йўқдан бор этган, бандаларига Ўзини танитиш учун пайғамбарлар юборган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Башариятга Роббини танитиб, умматларини икки дунё саодати йўлига йўллаган ҳидоятчимиз, шафоатчимиз, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг муборак каломи Қуръони Каримни ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилгач, ушбу муқаддас неъматни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни ваъда қилиб, шундай марҳамат қилди:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

Роббимизнинг ваъдаси ҳақдир. Қуръони Карим ўн тўрт асрдан буён бирор ҳарфи ўзгармай сақланиб келаётган бўлса, қиёматга қадар ҳам ана шундай маҳфуздир, чунки у Боқий Зотнинг – Парвардигоримизнинг каломидир. Аммо уламоларимиз ушбу оятда «зикр» деганда нафақат Қуръони Карим, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳам назарда тутилганини айтганлар. Зеро, ҳадислар – маъноси Аллоҳдан, ибораси Муҳаммад алайҳиссаломдан бўлган ҳикматлар, кўрсатмалардир.

Ушбу фикрнинг нақадар ҳақлигини ҳаётнинг ўзи намоён қилди, шонли тарихимизнинг ўзи тасдиқлади. Қуръони Карим дастлаб Набий алайҳиссаломнинг қалбларига нақшланиб, сўнг у зотдан бевосита ёд олган минг-минглаб саҳобаларнинг дилига жо бўлгани, авлоддан-авлодга оғизма-оғиз ўтиб, сақланиб келаётганидек, Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари ҳам дастлаб асҳоби киром, сўнг тобеъин ва табаъа тобеъинлар орқали авлоддан-авлодга оғизма-оғиз сақланиб келмоқда. Бу қадар ақл бовар қилмас катта миқдордаги маълумотларнинг асрлар давомида бирор ҳарфи ўзгармай, бирор сўз қўшилмай ёки тушиб қолмай сақланиб келиши юқоридаги ояти кариманинг мўъжизасидир.

Ҳар бир иши бениҳоят ҳикмат бўлган Роббимиз бу муборак ваъданинг рўёби учун барча керакли шарт-шароитни, муҳитни муҳайё қилиб, бандалари орасидан бу улкан масъулиятни шараф билан адо эта оладиган зотларни ҳам дунёга келтириб қўйди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримни ёд олиб, қалбига жо қилиб, уни кечаю кундуз ўқийдиган, уни ўрганадиган ва ўргатадиган қорилар силсиласи дунёга келиб турганидек, бир неча юз минглаб ҳадиси шарифларни тўплаб, уларнинг матнини сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, ровийларини номма-ном ёд олган муҳаддислар силсиласи ҳам етишиб чиқди. 

Не бахтким, Ислом оламида энг машҳур бўлган, энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган, ҳадис илмига энг катта ҳисса қўшган муҳаддисларнинг кўпчилиги айнан бизнинг буюк аждодларимиздир, диёримизда туғилиб-ўсган улуғ зотлардир. 

Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони Каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.

Ана шу буюк муҳаддислардан бири – буюк ватандошимиз имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳдир. Бу зотнинг тўлиқ исми шарифлари Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Суламий ал Буғий ат-Термизийдир. Имом Термизий Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддисларидан бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Термиз шаҳри ўша даврда Самарқанд ва Бухорони Балх каби қадимий илм марказлари билан боғлаб турувчи шаҳар бўлган. Шу боис, у ерда ҳам илм-маърифат юксак даражада ривожланган. Бўлажак буюк муҳаддис дастлабки таълимни Термиз шаҳрида олади. Болалигидан ниҳоятда зийраклиги, мисли кўрилмаган ўткир хотираси, ноёб иқтидори билан тенгқурларидан ажралиб турган Термизий турли фанларни, айниқса ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллайди. У замонасининг буюк муҳаддисларидан ҳадис тинглаш мақсадида Ислом оламининг кўпгина мамлакатларига сафар қилади, узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварада яшайди.

Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда, алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган. Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик ҳам қилган.

Аллоҳ таоло имом Термизийга улуғ алломалар билан суҳбатлашиш, уларга шогирд бўлиш бахтини насиб этди. Имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон каби машҳур олимлар имом Термизийнинг устозларидир. 

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳожар Марвазий, Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий, Қутайба ибн Саъид Сақафий Абу Рожа, Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий Маданий, Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Шавориб, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам Ҳиравий, Исмоил ибн Мусо Фазорий Суддий каби шайхлардан ҳадислар эшитиб, ўзи ҳам улардан ҳадислар ривоят қилади.

Имом Термизийнинг фавқулодда ўткир зеҳни ва кучли хотираси тилларда достон бўлган. Ривоят қилишларича, шайхлардан бири Имом Термизийни имтиҳон қилиш учун у кишига қирқта ғариб ҳадисни айтиб, савол беради. Имом Термизий қирқта ҳадисни бирорта ҳарфда ҳам хато қилмай, аввалидан охиригача ёддан ўқиб берадилар. Шайх буни кўриб, «Сенга ўхшаган одамни кўрмаганман», дейди.

Имом Термизий ҳижрий 250 йили Нишопурда Имом Бухорий билан учрашиб, у зотнинг ҳузурларида ҳадис илмини чуқур ўрганади, устознинг даргоҳида камол топади. Имом Бухорий Термизийга қарата: «Сен мендан фойда олганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим», деганлар.

Имом Термизий ўзининг «Ал-Китабул азийм» деб номланган энг машҳур китобини имом Бухорий билан учрашгандан кейин ёза бошлаган. Бу китоб кўпроқ «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» деб аталади. «Сунани Термизий» китоби ғоятда мўътабар мажмуа бўлиб, такрорлари оз, тартиби гўзал, ўзига хос услубга эга улкан илмий асардир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий имом Термизийнинг «Ал-Жомиъус-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, унинг уйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаётгандек бўладилар», деган. Бутун дунё мусулмонлари, Ислом уламолари имом Термизийнинг ушбу китобини «Олти саҳиҳ»нинг тўртинчиси деб эътироф қилганлар. 

Ибн Атийя ушбу асар ҳақида: «Менинг наздимда Имом Бухорий ва имом Муслимнинг китобига қараганда Имом Термизийнинг китоби нурлироқ, тушунарлироқ, чунки икки имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлигина фойдалана олади, холос», деган. 

Имом Термизийнинг «Сунан» китобида имом Бухорий ва имом Муслимларнинг китобларига киритилмаган саҳиҳ ҳадислар ҳам бор.  

«Сунани Термизий» китобига Абу Бакр ибн Арабий, Суютий, Сафиюрраҳман Муборакфурий каби қатор Ислом уламолари кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзишган.

Шунингдек, Имом Термизий «Шамоилун-Набавия», «Илалу муфрад», «Ал-илал фил-ҳадис», «Илалу фий ахири жомиъ», «Китабуз-зуҳд», «Китабут-тарих», «Асмаус-саҳоба», «Китабу фил асарил мавқуфа», «Рисола фил-хилоф вал-жадал», «Китабул-асмо вал-куна» каби кўплаб асарларни ҳам ёзиб қолдирган. 

«Шамойилун-Набавия» Термизийнинг машҳур асарларидан бири бўлиб, у Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сурат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид ҳадиси шарифлардан иборатдир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Термизий асарининг афзаллиги шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга солган ва яхлит бир китоб ҳолига келтирган. Ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон, услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб ўтиш ўринлидир.

Имом Термизий ўзининг ҳаётини, бутун борлиғини, иқтидорини Ислом динининг ривожига, ҳадис илмининг равнақига бахшида этди. Ҳаётининг асосий қисми ҳадис тўплаш ва ривоят қилиш билан ўтди. Имом Термизий чинакам олим, зоҳид сифатида кечаю кундуз илм билан, тоат-ибодат билан машғул эди, ҳатто кўп йиғлаганидан ҳаётининг сўнгги икки йилида кўзи ожиз бўлиб қолган эди.

Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили ражаб ойининг 13 кечаси ўзи туғилган Буғ қишлоғида вафот этди. У зотнинг қабри Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.

Ҳофиз Заҳабий «Мезонул-иътидол» китобида Термизийнинг ҳижрий 279 йилда вафот этганларини зикр қилиб: «Вафот этган вақтларида етмиш ёшда эдилар», деган. 

У зотнинг шогирдларидан бири: «Имом Бухорийдан кейин Хуросонда илм ва зеҳн, зуҳд ва тақвода Абу Ийсо Термизийга тенг инсон қолмади», деган.

Мустақиллик йилларида буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, улар абадий ором топган масканларни обод қилиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Жумладан, имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам анча кучайди. Алломанинг қатор асарлари она тилимизга таржима қилинмоқда, илмий рисолалар ва мақолалар ёзилмоқда, тадқиқотлар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деган эди: «Улуғ ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг мероси, жумладан, «Сунани Термизий» асари ҳам мусулмон оламида юксак қадрланади. Алломанинг асрлар давомида олиму фузалоларга дастур бўлиб келган инсоф ва адолат, инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳам имом Термизийнинг Шеробод туманидаги зиёратгоҳида улкан бунёдкорлик ишларини жадал давом эттириш вазифаси кун тартибига қўйилди.

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти деб кўп айтамиз, фахрланамиз. Дарҳақиқат, бобокалонларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эндиги вазифамиз эса бобокалонларимизнинг ишларини давом эттириш, уларнинг йўлини тутиш, Ватанимизнинг шаънини бутун дунёда юксакларга кўтарадиган солиҳ амаллар, хайрли ишлар қилишдир. Бунинг учун бугунги кунда барча  шарт-шароитлар муҳайё, фақат холис ният, иштиёқ ва эзгу мақсад, тинимсиз меҳнат керак. 

Аллоҳ таоло буюк ватандошимиз имом Термизийга олимларга, солиҳларга, зоҳидларга ваъда қилган неъматларини ато этсин! Жаннатмакон юртимиздан то қиёматга қадар ҳам динимизга бу қадар катта хизмат кўрсатадиган, илм-маърифатнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшадиган зотлар етишиб чиқишини насиб айласин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Кун янгиликлари
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси медиа-ҳафта муҳокамасида
13:54 / 23.01.2017 8383 Ўзбекистон
Мирзиёев: «Ўзстандарт» раҳбарлари пора олиб имзо чекаверган
09:16 / 23.01.2017 89193 Ўзбекистон
Ливияда бир қатор ёзувчиларнинг китоблари мусодара қилинди
00:47 390 Жаҳон
Миср элчиси: "Медиаҳафталик Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг келажакдаги режаларидан хабардор бўлиш учун янги имкониятдир"
Трамп АҚШнинг Транс-Тинч океан ҳамкорлиги келишувидан чиқиши ҳақидаги фармонни имзолади
00:11 1440 Жаҳон
Италияда қор кўчкиси остида қолган меҳмонхонада ҳалок бўлганлар сони 7 нафарга етди
23:52 / 23.01.2017 512 Жаҳон
Трамп АҚШда бизнесни тартибга солишни 75 фоизга камайтиради
23:46 / 23.01.2017 1115 Жаҳон
Эрон вакили: "Ҳаракатлар стратегияси хорижий мамлакатлар билан халқаро муносабатларда стандартларнинг яхшиланишига хизмат қилади"
23:44 / 23.01.2017 466 Ўзбекистон
Венгрия: Европа Трамп сайлангандан умидсизлик ҳис қилмоқда
23:26 / 23.01.2017 1532 Жаҳон
ЮНЕСКО вакили: "Ҳаракатлар стратегиясининг оммавий дебатлар учун очиқлиги - муҳим жиҳат"
23:03 / 23.01.2017 564 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар