8 январь куни Туркия ОАВ янги йил кечаси Истанбулда амалга оширилган теракт эҳтимолий ижрочисининг номини ошкор қилди. У Абу Муҳаммад Хуросоний номи билан ҳам таниш бўлган ўзбекистонлик Абдулгадир Машариповдир, деб хабар қилган Туркия ОАВ. 

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек гуруҳларида ўзбекистонликнинг мазкур терактга алоқадорлиги бўйича расман тасдиқланмаган ушбу хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзмоқда Подробно.уз сайти. 

Туркия ОАВнинг ёзишича, полиция жиноятни содир этишда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абдулгадир Машариповни гумон қилмоқда. Унинг қаерда экани номаълум, қидирув ишлари бутун мамлакат бўйлаб давом эттирилмоқда.

Ўзбекистонликларнинг аксарияти эса, ватандошларининг ушбу хунрезликка алоқадорлигига ишонишмаяпти. Шу билан бирга, улар мазкур ахборотни Туркия расмий идоралари тасдиқламаганини ҳам қайд этишган. Бундан ташқари, тармоқ фойдаланувчилари ўзбек тилида "Абдулгадир" исми йўқлигини ёзишган. 

"Ким у аслида?! Дастлаб ўзбек дейишди, кейин қирғиз, кейин уйғур, энди яна ўзбек!!", - деб ёзади изоҳ қолдирганлардан бири. 

"Бу туркларнинг ўзи ким ўқ узганини билмайди, бир қарасанг қирғизистонлик, кейин америкалик, энди ўзбекистонлик дейишяпти. Хулоса чиқаришдан олдин, яхшилаб аниқлаб олинглар", - дейди яна бир фойдаланувчи.

"Осиёликлар бир-бирига ўхшайди. Ҳар қалай қардош халқлар, шу сабабли турклар аниқлай олмаяпти ва кимни айбдор қилишни билмаяпти", - дея фикр юритади бошқа бири. 

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кўпчилиги Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларининг заиф фаолият юритишини қайд этишган. Улар ёки қасддан ёки саводсизлиги сабабли тергов жараёни хусусида ОАВда маълумот бериб боришади. Шу билан миллатлараро келишмовчилик уруғини сепишади. 

Бошқа бир ўзбекистонлик, "мен террорчи турклардан бири бўлиб чиқса ажабланмайман. Бундай дейишга асос бор! Улардан бири Россия элчисини ўлдирди! Уларда миллий ва давлат хавфсизлиги соҳаси заиф! Тузилмалар ишламайди ёки ўз фойдасига ўйин кўрсатади!", - деб қайд этган.

"Жиноятчининг миллатини кўрсатгунча, ишлаш, ушлаш керак. Ёзда ҳамма малакали кадрларни ҳайдади, фақат илмсизлари қолди!", - деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи.

Яна бир жиҳат шундаки, ўзбекистонликларнинг аксарияти, содир этилган воқеа мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишига олиб келади, деб ишонмоқда. 

"Қирғизми, ўзбекми, ё бошқасими. Албатта, шармандалик. Бироқ бундан ҳам ёмони, у ерда бизнес қилувчи ёки ишлаётганларга яхши бўлмайди. Турк ҳуқуқ идоралари суриштириб ўтирмасдан уларни назорат қилишни бошлайди. Қочқинларга эшикни очишдан аввал ўйлаш керак эди. Афсус", - деган фикрни қолдирган бошқа бир ўзбекистонлик аёл. 

"Асосийси, бу эндигина илиқлашиб бораётган Ўзбекистон-Туркия муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаса бўлгани. Буни душманлар қанчалик хоҳлашмоқда … албатта, ўзларини "дўст" деб атаётган айримлар ҳам", - деб ёзади яна бири. 

Бироқ ўзбекистонликлар бир нарсада якдил фикр билдиришган: террорчи ким бўлиб чиқишидан қатъи назар инсон эмас, у қонунга кўра жиддий жазога тортилиши керак. 

"У қаердан ва ким бўлмасин отиш керак! У одам эмас", - дея таъкидлаган бир фойдаланувчи. 

"Агар у ҳақиқатан ўзбек бўлиб, мамлакатимизни шарманда қилган бўлса, қонун бўйича жазолашсин", - дейди бошқа бири. 

Эслатиб ўтамиз, биринчи январга ўтар кечаси Истанбулдаги кўнгилочар клублардан бирида теракт содир этилган эди. Автомат қуролга эга террорчи дастлаб, қўриқчини отиб, сўнгра, 700 киши бўлган клубга кирган. Тергов маълумотларига кўра, у бир неча юз марта ўқ узиш чоғида 6та ўқдонни бўшатган. Бунинг оқибатида камида 39 киши ҳаётдан кўз юмди, 60 дан ортиқ одам яраланди. Жиноятчи воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган. Жиноят учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.