Венесуэла Олий судига кўра, мухолифатдаги Миллий ассамблея президент Николас Мадурони лавозимидан четлатиш учун етарли ваколатларга эга эмас. 

Аввалроқ, мамлакат парламенти Мадурони ўз мажбуриятларини бажармаётгани сабабли, давлат раҳбари лавозимини тарк этган, деб топган эди. Бу қарорни 106 нафар депутат маъқуллаганди. 

"Конституциянинг 336-моддасига ва бошқа қонунчилик меъёрларига мувофиқ, депутатларга республика президентининг сиёсий жавобгарлигига оид қарорлар ёки ўзларининг конституциявий ваколатига кирмайдиган қарорлар қабул қилмаслик тавсия қилинган эди", — дейилади суд баёнотида. 

Венесуэланинг 1999 йилда қабул қилган Конституцияси давлат раҳбарига импичмент қўллаш жараёнини кўзда тутмайди. Бироқ, 222- ва 232-моддалари парламентнинг ижро ҳокимиятини назорат қилишини белгилайди. 

Жумладан, парламент президентнинг ўлими ёки истеъфоси туфайли "мутлақ йўқ" деб тан олиши ёки Миллий ассамблея қарори билан "лавозимини тарк этган" деб топиши мумкин.