Корея Республикаси ташқи ишлар вазирлиги Чун Ю Ранинг паспортини бекор қилди. У мамлакат президенти билан боғлиқ коррупция бўйича можарода бош гумонланувчи Чхве Сун Силнинг қизидир. Чун Ю Ра ўтган ҳафта Данияда Жанубий Корея прокуратураси талабномасига кўра қўлга олинди.

ТИВ баёнотида таъкидланишича, маҳкама Чун Ю Рага аввалроқ ўз хоҳиши билан паспортини консулликка топширишни сўраган, бироқ у буни белгиланган муддатда қилмаган. "Шундан сўнг ҳужжат ўз кучини йўқотган деб тан олинди", - таъкидлашди вазирликда.

Терговнинг фикрича, 21 ёшли аёл онаси томонидан ташкиллаштирилган коррупция схемаларига алоқадор бўлиши мумкин. Чхве Сун Силь мамлакат президентлигига яқинлигидан фойдаланиб, спорт ва маданиятни янада ривожлантириш ниқоби остида маҳаллий компанияларни ўзи томонидан ташкил этилган нодавлат жамғармаларга катта миқдордаги маблағларни ўтказишга мажбур қилиб келган. Шу билан бир қаторда, пулларнинг аксарияти унинг ўзи томонидан ўзлаштирилган.

Чун Ю Ра кенг жамоатчиликка можаро тафсилотлари ошкор бўлгач, Европада истиқомат қила бошлади. Жанубий Корея прокуратураси эса Интерполга уни ҳисбга олиш бўйича талабнома жўнатган. Айни дамда Дания суди уни ватанига чиқариб юбориш имконини кўриб чиқмоқда.

Терговчиларнинг фикрича, Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе ўз дугонасининг ноқонуний фаолиятидан хабардор бўлган. Мамлакат етакчиси можаро сабаб вақтинчалик ўз лавозимидан четлатилди. Бу ҳолат парламент 9 декабрь куни унинг импичменти учун овоз бергач, юз берган. Президент вазифасини вақтинча бош вазир Хван Гё Ан бажариб турибди. Давлат раҳбарини ҳукуматдан четлатиш бўйича жараён овоз бериш натижалари Конституция суди томонидан тасдиқланганидан сўнг, ўз якунига етказилади.