Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги фаолияти глобал урушлар олдини олиш учун саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга қаратилган бўлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев айтиб ўтди.

"Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашида олиб борадиган ишлар минтақалардаги қуролли қарама-қаршиликлар даражасини камайтиришга ва шу орқали глобал урушларнинг олдини олишга қаратилган бўлади", — дейилган президент мурожаатида. Унинг нутқи Қозоғистон ТИВ сайтида келтирилган.

Назарбоевнинг ишонч билдиришича, "давлатларнинг муаммоларини тинч йўл билан ҳал этиш ва урушлардан воз кечиш XXI асрда инсоният ўзини омон сақлаб қолиши учун энг асосий воситадир".

Бундан ташқари, Қозоғистон БМТнинг узоқ муддатга мўлжалланган тинчликпарварлик тизимини ёқлайди ва БМТ миссиясида ўзининг ҳарбий кузатувчилари ҳамда тинчликпарвар кучлари сонини оширади.

"Кенгашдаги фаолиятимиз давомида биз Фаластин-Исроил қарама-қаршилиги, Яқин Шарқдаги зиддиятлар, Афғонистон ва Корея ярим оролидаги муаммо, Африка ва Осиёдаги инқирозларнинг бартараф этилиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз", — деган президент.

Қозоғистон 2017 йил 1 январидан бошлаб 2 йиллик муҳлатга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши аъзоси этиб сайланган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 5та доимий аъзоси бор.

АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой Хавфсизлик Кенгаши қарорига вето киритиш ҳуқуқига эга мамлакатлар ҳисобланади.

Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий 10 аъзоси 2 йил муддатга сайланади ва ҳар йили 5тасининг жойи алмашади.

Қозоғистон БМТнинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминловчи тизимига сайланган илк Марказий Осиё давлати бўлди.