Норвегия дунёда биринчи бўлиб рақамли радиоэшиттиришларга ўтишни бошлаб берди

Технология 11 Январь 2017 3408
Фото: Reuters

Норвегияда рақамли радиоэшиттиришларга ўтиш жараёни бошланди: мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Нурланн губернияси нафақат мамлакат, балки дунё миқёсида анъанавий миллий FM тармоғини ўчирган  биринчи маскан бўлди. 

"11 январь, чоршанба куни соат 11:11да NRK'нинг энг йирик миллий радиоканаллари - P4 ва Radio Norge анъанавий FM тармоқларида фаолият юритишни тўхтатди", - дейилади Нурланн губерниясининг Avisa Nordland номли маҳаллий газетасида. Тарихий воқеа тантанали шароитда, Норвегия ҳукумати вакиллари ва Норвегия Радиоси иштирокида бўлиб ўтди. 

Рақамли радиоэшиттиришларга ўтиш ҳақидаги қарор Норвегияда 2015 йилнинг баҳорида ҳукумат ва парламент томонидан қабул қилинган эди. FM тармоқларини ўчириш ишлари мунтазам равишда амалга оширилади ва 2017 йилнинг 13 декабрида тугалланади. Масалан, Ослода рақамли радиоэшиттиришларга ўтиш сентябрь ойида амалга оширилади. 

Мамлакатда бу технологиянинг қўлланилиши бундан буён Норвегия миллий радиоканалларини телевизорлар, интернет ёки DAB (Digital Audio Broadcasting)радиоприёмниклардан тинглаш имконини беради. Норвегияда 2022 йилга қадар фақат муайян ҳудудий радиостанцияларгина FM тўлқинларда ишлашда давом этади. 

Янги технологияларга ўтиш анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бироқ Норвегия ҳукумати ўз қарорида қатъий турди, радиоэшиттиришларга кетадиган харажатларнинг кескин камайиши ва фавқулодда ҳолатларда ҳам алоқанинг яхшилиги  янги технологиянинг асосий устунлиги сифатида кўрсатилди.

Рақамли радиоэшиттиришларга ўтиш масаласи икки йил аввал Швецияда ҳам муҳокама қилинган эди, бироқ бу борада якуний хулосага келинмаган ва мавзу бошқа муҳокамага қўйилмаган. 

Норвегия FM-радиодан воз кечмоқда

Кўпроқ янгиликлар