Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов 11 январь куни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Данияр Сидиков билан учрашди.

Қирғизистон элчихонаси сайтида хабар қилинишича, томонлар икки мамлакат пойтахтларининг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги масалаларини муҳокама этган.

Жумладан, қўшма корхоналар ташкил этиш, турли соҳалар, хусусан, турар-жой коммунал ва транспорт жабҳаларида тажриба алмашиш билан боғлиқ бизнес-форумлар, давра суҳбатлари ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, яқин истиқболда 2 давлат пойтахти маданият кунларини ўтказиши муҳокама қилинган.

Ўз навбатида Тошкент ҳокими А. Ибраимовни Бишкек мэрлиги лавозимига тайинлагани билан муборакбод этган ва яқин вақтлар ичида ўз табригини юзма-юз кўришувда яна бир бор изҳор этиш ниятида эканини айтган.

Учрашув якунида томонлар барча йўналишларда фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олган.