Янги Зеландияда яшовчи Алан Лэнгдон ўзининг 6 ёшли қизи Кей билан бирга 27 кунни очиқ денгизда, таъмирталаб олти метрли катамаранда ўтказди. Ота-бола Тасман денгизини кесиб ўтиб, Австралияга келиб қолишди. RNZ нашрида шу ҳақида хабар берилди.

Лэнгдон ва унинг қизи 17 декабрь куни Янги Зеландиядаги Кохия бандаргоҳини тарк этишди. У аслида мамлакат шимоли-шарқидаги Бей-оф-Айлендс бўғозигача етиб олишни режалаштирганди, бироқ кутилмаганда тўфон кўтарилди. Бунинг натижасида катамараннинг бир рули синиб қолди ва уни бошқариш қийинлашди.

Фото: ABC News Greg Nelson

Лэнгдоннинг қуруқликдагилар билан боғланиш имкони бўлмаган, шу боис саёҳат бошланганидан тўрт кун ўтгач, Кейнинг онаси, Ариан Вайлер (Лэнгдоннинг собиқ турмуш ўртоғи) ота-боланинг йўқолгани ҳақида хабар берган. Шундан сўнг ҳукумат вакиллари катамаранни излашга киришишди ва бу ҳақида Интерполни ҳам хабардор қилишди. Бу вақт эса Лэнгдон қизи билан 2600 километрни босиб ўтганди.

Кемани Австралияга йўналтириш ғояси Янги йилдан кейин пайдо бўлди, зеро Лэнгдон ва Кей Янги йилни бортда қарши олишларига тўғри келди. 

"Мен тахминан Австралияга боришимизни ва бизга тоза сув етишини билардим. Бу масала вақт талаб қиларди ва мен бу жараённи тезлаштиришни истамадим".

Алан Лэнгдон

Саёҳат давомида ота-бола озиқ-овқат ва сув танқислигини сезишмаган, зеро Лэнгдон, тажрибали сайёҳ ва денгизчи сифатида ҳар эҳтимолга қарши уларни ғамлаб қўйган эди. Шу сабабли ота-бола 2017 йилнинг 10 январида Сиднейдан 230 километр масофада жойлашган Австралиянинг Улладулла портида тўхташди.

Улар етиб келгунга қадар Кейнинг онаси Австралияда болалар реабилитацияси бўйича мутахассисни ёллади. Мутахассис Лэнгдон атайин шундай қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бундан аввал ҳам Ариан Вайлер худди шу мутахассисни ёллашига тўғри келганди - ўшанда Лэнгдон Янги Зеландиядаги қишлоқ жойда қизи билан бир йилга қолиб кетганди. Шу боис аёл собиқ эрининг Австралияга катамаранда бориши мумкинлигига ишонган.

"У денгизни яхши билади, шамолни тушунади, бу нарсаларнинг бари унга таниш. У жуда қобилиятли инсон. Муаммоли вазиятларда қандай йўл тутишни билади".

Ариан Вайлер, Кей Лэнгдоннинг онаси

"Ғойиб бўлган" ота-бола Австралияга етиб келганда Вайлер ҳукумат вакилларига ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. Бироқ аёл томонидан ёлланган болалар реабилитацияси мутахассиси Лэнгдон суд олдида жавоб бериши кераклигини айтди. Нима учун дейсизми? Австралия ҳудудига ноқонуний йўл билан кириб келгани учун! Мамлакат ҳукумати бу масалани ўрганиб, кўриб чиқишга ваъда берди. 

Нельсонлик тажрибали яхтачи Алан Патти ота-боланинг саёҳатини изоҳлаб берди. Унинг сўзларига кўра, Лэнгдоннинг катамарани сифатли материалдан ясалган ва шу боис Янги Зеландиядан Австралиягача йўл боса олган. Бироқ Алан Патти Лэнгдоннинг ўзи билан бирга 6 ёшли қизчани саёҳатга олиб кетганини ёқламади.

"Айтишим мумкинки, об-ҳаво ҳақиқатда жуда ёмон бўлди, лекин буни ҳеч ким аниқ тасдиқлай олмайди. Афтидан, у профессионал денгизчи кўринади. Бироқ бундай саёҳатга 6 ёшли болани олиб чиқиш ақлга сиғмайди".

Нельсонлик яхтачи Алан Патти