Сурия мухолифатининг асосий музокарачиси Риёд Ҳижоб БМТ бош котиби Антонио Гуттеришга очиқ хат билан мурожаат қилиб, Асад режими ва унинг тарафдорлари томонидан ярашув битимининг 399 марта бузилиши натижасида камида 271 нафар киши ҳалок бўлганлигини маълум қилди. Бу ҳақида Daily Sabah нашрида хабар берилди

Ҳижоб БМТ ва унга аъзо мамлакатларни айниқса, Дамашқдаги Барада водийсида вазиятнинг ёмонлашуви туфайли аралашишга ва Асад режими жиноятларини ҳукм қилишга чақирди. Унинг фикрича, ярашув битимининг бузилиши навбатдаги гуманитар инқирозга сабаб бўлган.

Бош музокарачи, шунингдек режим авиазарбалари Айн-ал-Фижҳ, Бесим, Кафр Зайт ва Ҳусайний қишлоқларидаги сув объектларига йўналтирилганлигини маълум қилди. 

Шу билан бирга очиқ мактубда Барада водийсидаги ҳужумларда баррел бомбаси қўлланилганлиги ҳамда бунинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунларга зид эканлиги қайд қилинган. 

Ҳижоб режим кучлари Кимёвий қуролнинг тақиқланишига оид конвенцияни ҳам очиқдан-очиқ бузганлигини таъкидлаган ва бунга мисол тариқасида 5 январь куни Бесим қишлоғига таркибида хлор газ бўлган ракеталар билан уюштирилган ҳужумини келтириб ўтди.  

Бу минтақаларда яшовчи аҳоли борган сари кўпроқ озиқ-овқат, сув, электр энергияси ва тиббий дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда. 

Асаднинг режими дарҳол тўхтатилиши керак, деб ҳисоблайди Ҳижоб. 

Режим кучлари ва уларнинг тарафдорлари 2016 йилнинг охирида Ҳалабни қўлга киритгандан кейин Барада водийсидаги ҳужумларни кучайтирди. Водий Дамашқдан 16 километр нарида жойлашган.