Беларусь президенти Александр Лукашенко шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши ёки Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Минскка сафар уюштириши мумкинлиги ҳақидаги хабардан сўнг бу учрашув муҳим ҳодисага айланиши ҳақида ёзилмоқда. Чегара ҳамкорлиги ассоциациясининг стратегик режалаштириш хизмати раҳбари, Стратегик конъюнктура марказининг эксперт кенгаши аъзоси, Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Россия-Эрон кенгаши аъзоси Александр Собянин Дмитриевич ўз блогида шу учрашувдан кутаётганлари ҳақида баён қилган.

"Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг шахсий учрашувини ташкиллаштириш режалари - мен учун декабрь-январь ойларида Россия ва Беларусь муносабатлари фонидаги энг қувончли янгиликдир.

Ҳа, адашмадим, - бу фақат Ўзбекистон ва Беларусь учунгина эмас, айнан Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси муносабатлари учун яхши янгилик.

Шуни тушуниб етиши лозимки, буюк ўзбек сиёсий арбоби, дунё миқёсидаги кучли шахс - Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафотидан кейин сиёсий элита танловининг ўзиёқ Ўзбекистоннинг дунёга очилганидан далолат беради.

Агар элита Ўзбекистон Конституцияси белгилаб берган ва И.А Каримов танлаган Сенат раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевни танлаганида - бу Ислом Каримов курсини давом эттириш бўларди.

Бироқ элита энг кучли ва нуфузли сиёсатчини танлади. Бу Ўзбекистоннинг бошқарув элитаси жиддий ўзгаришларни истаётгани ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдиради. Ўзбек халқи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ўз фикрини айтди ва у сиёсий элита фикрига тўла мос тушди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев олдида турган асосий вазифа - Ўзбекистоннинг дунёга очилиши вақтида барқарорликни сақлаб қолиш, зеро ўзгаришларнинг янги шамоли иқтисодиёт ва жамоатчилик тинчлиги учун хавфли келиши ҳам мумкин.

Айнан шунинг учун биз Ўзбекистон янги раҳбариятининг қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан аввал бироз мураккаброқ бўлган муносабатларини босқичма-босқич тиклаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, Қозоғистон билан қўшничилик ҳамда ўзаро сиёсий алоқаларга содиқлиги эса буни яна бир бор тасдиқлайди.

Иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий бошқарувдаги барча вазифаларга таъсир кўрсатувчи ижимоий-сиёсий барқарорликни сақлаб қолишдаги бу позиция Владимир Путин томонидан ҳам тўғри қабул қилинди.  

Шу ўринда мен қадрли дўстим, ёрқин ўзбек иқтисодчиси ва таҳлилчи Бахтиёр Исмоилович Эргашевнинг сўзларини ёдга солмоқчиман - "Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмаслигига унинг Евроосиё интеграцияси фойдасини тушунмаслиги сабаб эмас. У Евроосиё интеграциясида қачон, қандай ва қандай шарт-шароитлар асосида иштирок этишни ўзи белгилайди". Яъни, Ўзбекистоннинг тез орада Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)даги аввалги тўлақонли иштирокини тиклашини кутиб, ўзимизни алдашимизга ҳожат йўқ.

Ўзбек халқи ва ўзбек элитаси танлови, Ўзбекистон президентининг стратегик устувор йўналиши ва Россия етакчиси Владимир Путиннинг позициясини (Ўзбекистон ва Россия муносабатларини янгидан йўлга қўйиш борасида Ш.М.Мирзиёевга билдирган ишончини) ҳурмат қилиш керак. Бундан келиб чиқадиган ягона тўғри хулоса - ўзбекларнинг Евроосиё векторини ўзи белгилашини қўллаб-қувватлаш.

Бошлаган мавзуим билан якунлайман. Россия томондан Евроосиё масаласида ҳар хил позициялардан ва РФнинг Собиқ Иттифоқдаги ҳар бир алоҳида мамлакат билан аниқ икки томонлама муносабатлар бўйича турли сиёсатчилар, сиёсатшунослар, экспертлар, таҳлилчилар ҳаракат қилишмоқда. Бу, кўпинча ёки "-фобиялар" ("тожикофобия" ва ҳ.к.), ёки шунчаки масъулиятсиз ва саводсиз позициялар.

Албатта, бизнинг Евроосиёдаги биродарларимиз ҳам шуни яхши тушунишлари керакки, Владимир Путиннинг С.Лавров, С.Шойгу, О.Васильева, С.Кириенко, М.Фрадков, С.Нарышкин каби кучли ва масъулиятли сиёсатчилари жуда кам. Бироқ иккинчи ва учинчи позицияларда кучли ваколатли ходимлар кам эмас - улар билан муносабат ўрнатишга ким тўсқинлик қилмоқда? 1990-2000 йилларда "орттирилган" ахборот хуружининг фақат ёмон ҳодисаларига муносабат билдириш одатидан бошқа, ҳеч ким!

Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлиги нимага асосланиши тушунарли - саноатни қайта жиҳозлаш кенг кўламли ўзбек дастурига, Беларусь ишлаб чиқариш ва техник таъминотига. Бироқ айнан икки томонлама "Ўрта Осиё - Беларусь" муносабатлари Умумевроосиё ҳамкорлиги, ўзаро ҳурматли ҳаракатни олдинга олиб чиқишга имкон бермаяпти.

Беларусь Республикасининг Ўрта Осиё вектори жорий адолатсизликни Евроосиёда сақлаб қолишга имкон қолдирмайди, зеро бу Россияда сиёсий эътибор даражасини кескин кўтаради.

Сўнгги сўз. Шуни таъкидлаш жоизки, сўнгги ярим ёки бир йилда Беларусь томондан ҳам ҳиссий рефлексия ҳаддан зиёд кўп кузатилмоқда - кўпинча Россия сиёсий арбобларининг ҳужумлари туфайли, уларга эса яхшиси, эътибор бермаган маъқул. Эътибор бермай, ҳамкорликни янада ошириш керак.

Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг илк расмий ташрифи Минскда бўладиган бўлса, бундан фақат хурсанд бўлиш мумкин. Бу Ўзбекистоннинг нафақат Россия Федерацияси, балки ЕОИИ ва КХШТнинг бутун Евроосиё блоки аҳамиятини кўра билишидан далолат беради. Шундай бўлган тақдирда, шубҳасиз, иккинчи ташриф Москвага, РФ президенти Владимир Путин билан асосий учрашув томон амалга оширилади".