Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон пойтахт Душанбе шаҳри ҳокими этиб ўзининг тўнғич ўғлини тайинлади. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 12 январда Раҳмон Душанбе ҳокими лавозимидан Маҳмадсаид Убайдулоевни озод этган. "Убайдулоев бу лавозимни 15 йилдан кўпроқ эгаллаган. Унинг ўрнига президент тўнғич ўғли, бунгача Коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат агентлиги раҳбари лавозимини эгаллаган Рустам Эмомалини тайинлади", деб маълум қилди ахборот агентлиги манбаси. 

Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари ва туманлар раислари ҳам ўзгартирилган. 

Аввалроқ Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон сенатор бўлгани маълум қилинганди. Бунгача у президент маъмурияти раҳбари бўлиб ишлаган. Озода Раҳмон 1978 йил 3 январда туғилган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос, фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мавқеига эга. У тожик, рус ва инглиз тилларини билади, 5 фарзанднинг онаси. Унинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев Тожикистон Миллий банки раиси биринчи ўринбосари бўлиб ишлайди.

Тожикистон президенти серфарзанд раҳбар ҳисобланади, унинг 9 нафар фарзанди – 7 қизи (Фируза, Озода, Руҳшона, Тахмина, Парвина, Заррина ва Фарзона) ва 2 ўғли (Рустам ва Сомон) бор.