Туркия Ҳарбий ҳаво кучларининг 2015 йил ноябрида Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширган учувчиси Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотига алоқадор эмас. Бу ҳақда Туркиянинг собиқ бош вазири Аҳмад Довудўғли маълум қилди.

"Мен 2015 йилнинг 10 октябрида ҳаво кенгликларимизда пайдо бўладиган исталган хавфини йўқ қилиш тўғрисида буйруқ бергандим. Бу буйруқ тўғридан-тўғри Россия самолётларига қаратилмаганди. Учувчининг FETO  (Гулен ташкилоти) билан алоқадор бўлиши мумкинлигига келсак, айтишим мумкинки, бундай буйруқни ким бажаришини олдиндан билиб бўлмасди. Бош штаб раҳбари менга учувчи яхшилаб текширилгани ва унинг бу ташкилот билан алоқадорлиги аниқланмагани ҳақида айтган", дейилган Аҳмадўғлининг парламент комиссияси томонидан июль воқеаларидан кейин ўтказилган текширув доирасидаги сўровига жавобида. Бу ҳужжат бугун NTV телеканали сайтида жойлаштирилди.

2015 йилнинг ноябрь ойи охирида Туркиянинг F-16 қирувчиси Сурия осмони устида Россиянинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширган эди. Россия президенти Владимир Путин бу ҳаракатга "террорчилар ҳамтовоқлари томонидан орқадан берилган зарба”, дея баҳо бериб, Анқарага нисбатан бир қатор иқтисодий чораларни киритган эди. 2016 йил июнь ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бўлиб ўтган воқеа учун кечирим сўради  ва муносабатлар илиқлашди.