Ўзбекистон ва Хитой археологларидан иборат гуруҳ Фарғона водийсининг жануби-шарқида жойлашган Мингтепа қадимий шаҳри қолдиқларини қазиш вақтида аҳамиятли кашфиёт қилишди. Бу ҳақида Хитой ижтимоий фанлар академияси (ХИФА) археологлари форумида маълум қилинди. Синьхуа нашри шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, икки мамлакат археологлари бу ерда 2012 йилдан буён беш марта қазиш ишларини олиб боришгани туфайли қазилма ишлари олиб борилган майдон 500х800 метрдан 2100x1300 метрга кенгайган. Қазилма натижалари шундан далолат берадики, 2000 йилдан зиёд вақт аввал Мингтепа кўчманчиларнинг вақтинчалик қалъаси эмас, тўлақонли қаср-шаҳар бўлган. Шунингдек у Фарғона водийсидаги энг йирик қаср ҳамдир. 

Қазилма ишлари олиб борилган пайтда устахоналар харобалари, ички шаҳар ғарбий дарвозаларининг қолган қисми ва ташқи шаҳар шарқий девори ёнидаги қабристон топилган.

ХИФА қошидаги Археология институти вакили Чжу Яньшининг сўзларига кўра, ўзбек археологлари шаҳарчанинг ер устидаги тадқиқотлар билан яхши таниш бўлса, хитойлик археологлар унинг ер ости қисмидаги қазилмалар борасида кучлидир. Шу боис томонлар ана шундай қониқарли натижаларга эришишга муваффақ бўлишди. 

Минггепа ҳозирги Андижон шаҳри яқинида бўлиб, Ўзбекистоннинг жануби-шарқида жойлашган. У ўз вақтида Ўрта Осиёдаги қадимий Довон (Паркон) давлати ҳудудига кирган. 

Маълум бўлишича, Мингтепа тадқиқоти узоқ муддатли лойиҳа ҳисобланади. Археологларнинг олдинда турган вазифаси - қазилма пайтидаги кашфиётлар ва ўлчов маълумотлари асосида Минггепа солномасини тузиш.

Ҳозирга келиб, хитойлик археологлар Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган бир қатор мамлакатлар, шу жумладан Вьетнам, Камбоджа, Лаос, Мўғулистон, Бангладеш ва Покистондаги қўшма лойиҳаларга қўшилишган.