Чад кўли атрофидаги ҳудудларда "Боко Ҳарам" радикал гуруҳи фаолияти оқибатида гуманитар инқироз юзага келган. Бу ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О’Брайен маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Камерун, Нигерия, Нигер ва Чадда 7,1 миллион киши очликка маҳкум.

"Хавфсизлик соҳасидаги инқироздан ташқари, озиқ-овқат етишмовчилиги ҳам оғир ҳолатда. 3 йил олдин Чад кўли атрофидаги ҳудудда 3 миллион киши очлик хавфи остида эди. БМТ ва ҳамкорлари зарур чораларни кўришига қарамасдан ҳозирги кунда бундайлар сони 7,1 миллионга етган", дея ҳисобот берган у ташкилотнинг Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши вақтидаги чиқишида.

Унинг хабар қилишича, Африканинг бу 4 мамлакатида 11 миллионга яқини киши турли гуманитар ёрдамларга муҳтож. Кўчирилиши лозим бўлган кишилар сони 2,4 миллион, шундан 1,5 миллиони болалардир.

О’Брайеннинг айтишича, 2017 йилда бу минтақада гуманитар амалиётлар учун харажатлар 1,5 миллиард долларни талаб этади ва бу ўтган йилгидан икки баробар кўп.

БМТ бош котибининг ҳарбий масалалар бўйича ёрдамчиси Тайе-Брукнинг сўзларига кўра, "Боко Ҳарам"га қарши бир неча бор ҳарбий амалиётлар ўтказилган бўлсада, бу гуруҳ минтақага жиддий хавф солишда давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилнинг октябрида экстремистлар тактикани ўзгартиришди ва тинч аҳолига эмас, ҳарбийлар ва ҳарбий объектларга ҳужумлар уюштиришга ўтди. Гуруҳ раҳбарларидан бири Абу Мусаб ал-Барнавий ўз тарафдорларини диндошлари мусулмонларни эмас, бошқа динлар вакилларини ўлдиришга чақирган.