Болгариянинг жанубий Бургас шаҳрида ноёб табиат ҳодисаси – Қора денгиз музлаганига гувоҳ бўлиш мумкин. 

1954 йилдан буён илк маротаба Бургас портидаги кемалар муз ҳайкалларига айлаганини кўриш мумкин. Мамлакат шимоли-шарқидаги Варна ҳудудида, Варнен кўли чеккаларида ҳам айни ҳолатга дуч келасиз. Бу ерда, сўнгги бир аср мобайнида сув атиги 3 марта - 1929, 1942 ва 1954 йилларда музлаган, деб ёзади "Труд" нашри.

Дунай дарёсини тўлиқ муз қоплагани сабабли, кема қатнови тўхтатилган. Болгария шимоли-шарқи ва Бургас шаҳри ҳудудларида қор уюмлари автомобиль ҳаракатини чеклаган. 

"Болгарияда январь ойидаги ҳаво ҳарорати охирги 15 йиллик ўртача ойлик меъёрдан 2-3 даражага пастдир", - деб қайд этган Метрология ва гидрология миллий институти шахобчаси директори Иван Иванов. 

Шу билан бирга, синоптиклар январь ойи охиригача ҳавонинг қисқа муддатга бўлса-да, илиқлашувини ваъда қилишмаяпти. Болгария ҳудудидан Ўрта ер денгизининг циклонлари ўтади, бу эса, қор ёғиши ва кучли шамолга сабаб бўлади. 

Ўтган тунда мамлакатдаги ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича манфий 20 даража атрофида бўлган.