Американинг Bloomberg ахборот агентлиги 12 январдан бошлаб сайланган президент Дональд Трампни қўриқлаш Нью Йорк шаҳар бюджетига қанча тушаётганини реал вақтда ҳисоблаб борадиган ҳисоблагични ишга туширди. Миллиардер президент ҳозирча, мамлакатнинг энг йирик мегаполисида истиқомат қилиб келмоқда. 

Ушбу мақола ёзилаётган вақтда ҳисоблагичдаги сумма 32 млн доллардан ортиқроқни кўрсатган. Агентликка кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 20 январь куни Трампнинг Вашингтондаги инаугурациясига қадар, Нью-Йорк ҳукуматининг сайланган президентни қўриқлаш учун сарфлаган маблағи 35 млн доллардан ошади. 

Ушбу маблағларнинг аксарияти шаҳар полициясининг Манхеттендаги Trump Tower биноси атрофини қўриқлашига йўналтирилади. Бу ерда, бўлғуси давлат раҳбарининг қароргоҳи жойлашган. Агентликка кўра, шаҳар ҳокимлигининг ҳисоблашича, республикачини қўриқлаш Нью Йорк бюджетига кунига 500 минг долларга тушмоқда. 

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Нью-Йорк шаҳри ҳокими Билл де Блазио, Trump Tower хавфсизлигини таъминлаш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун федерал ҳукуматга мурожаат қилмоқчи эканини айтган эди. У ўшанда бино яқинидаги автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш ва осмонўпар бинони қўриқлаш учун 50 дан ортиқ полициячини сафарбар этаётганини маълум қилганди. 

Бундан ташқари, Блазионинг сўзларига кўра, Трамп қароргоҳи атрофида хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани мегаполис аҳолиси учун ҳам бирмунча ноқулайликларни келтириб чиқарган. 

Аввалроқ, CNN телеканали хабар қилганидек, Трамп ва унинг оила аъзоларини ҳам қўриқлаш билан шуғулланувчи АҚШ федерал Махфий хизмати республикачига тегишли Trump Tower биносининг бир қаватини тўлиғича ижарага олган.