Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2008 йилги Пекин Олимпиадасида олтин медалларни қўлга киритган хитойлик аёл оғир атлетикачилар Цао Лэй, Чэнь Сеся ва Лю Чуньхунни уларнинг допинг-намуналари қайта текширилгандан кейин медалларидан маҳрум қилди.

Хитойликларнинг намуналарида ўсиш гормони стимуляторлари аниқланган. Цао Лэй 75 кг гача, Чэнь Сеся 48 кг гача, Лю Чуньхун 69 кг гача вазн тоифасида олтин медалларни қўлга киритгандилар.

Бундан ташқари, ХОҚ ушбу Олимпиадада ядро улоқтиришда бронза медалини қўлга киритган беларуслик Надежда Остапчук ва болға улоқтиришда 4-ўрин олган Дарья Пчельникнинг натижаларини бекор қилди. Остапчук намунасида туринабол ва тамоксифен, Пчельникникида эса туринабол тақиқланган воситалари аниқланган.

2012 йилги Лондон Олимпиадасида олинган допинг-намуналар қайта текширилиши туркиялик Сибель Симсек (оғир атлетикада 4-ўрин, туринабол ва станозолол тақиқланган воситалари), озарбайжонлик Интигам Заиров (оғир атлетикада 6-ўрин, туринабол) ва Норайр Варданян (оғир атлетикада 11-ўрин, туринабол) намуналарида тақиқланган воситалар борлигини кўрсатган.

ХОҚ спортчилардан медаллар ва дипломларни қайтариб беришни сўраган.

ХОҚ томонидан ўтказилган қайта текширишларда Пекин (60 нафар) ва Лондон (38 нафар) Олимпиадаларида иштирок этган 98 спортчининг намунасида тақиқланган моддалар борлиги аниқланган. Шу билан бирга, 23 медалчининг допинг-намуналари ижобий натижа берган. Қайта текшириш учун ҳаммаси бўлиб Пекин ва Лондон Олимпиадаларидан 1243 допинг-намуна танлаб олинган.