Сhange.org сайтида Россиянинг Камчатка ўлкасида жон бериш арафасидаги беморга ёрдамга шошилтган тез тиббий ёрдам машинасини ўтказмаган ҳайдовчини жиноий жавобгарликка тортиш талаб қилинган ариза эълон қилинди. Унга шу пайтга қадар 16 мингдан ортиқ фойдаланувчи имзо чеккан.

«Ушбу ҳолат бўйича жамоатчиликда жуда катта норозилик келиб чиққанини инобатга олиб, йўлни тўсиб қўйиш учун белгиланган 500 рубллик жаримадан ташқари аёл ҳайдовчи, шунингдек, унинг йўловчиси жиноятга шерик бўлган шахс сифатида ҳақиқий жазога тортилишини талаб қиламиз», - дейилган аризада.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, келажакда бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазони кучайтириш лозим.

Аввалроқ, Камчатка губернатори Владимир Илюхин ҳам тезкор хизмат ходимлари ишига халақит берганлик учун жазони кучайтириш лозимлиги ҳақида айтиб ўтганди. 

Рўй берган ҳодиса юзасидан Россия ЖКнинг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. 

Воқеа Петропавловск-Камчатский шаҳрида 10 январь куни рўй берган бўлиб, махсус сигналлари ёқилган тез тиббий ёрдам машинаси 21 ёшли эркакнинг чақирувига кўра кетаётган бўлган, бироқ унинг йўлини аёл ҳайдовчи бошқараётган автомобиль тўсиб қўйди. Натижада бемор олдига 3 дақиқа ўрнига 13 дақиқада етиб борган тиббий ёрдам бригадаси беморнинг ўлимини қайд этган.