Марказий Америкадаги давлатда 11 январь охирги 2 йилда қотиллик содир этилмаган ягона кун бўлди

Жамият 13 Январь 2017 3060

Марказий Америкада жойлашган Сальвадор давлатида 2015 йилнинг январидан буён илк марта биронта қотиллик ҳолати қайд этилмаган кун ўтди. Бу мамлакат қотилликлар сони бўйича дунёдаги биринчи давлат ҳисобланади.

Миллий полиция директор Говард Котто пайшанба куни маълум қилдики, ўтган кунда қотиллик ҳақида биронта хабар келиб тушмаган.

Ассошиэйтед пресс хабарига кўра, жиноий гуруҳлар урчиган бу давлатда охирги бор 2 йил аввал, 2015 йилнинг 22 январида қотиллик содир этилмаганди. Қотилликсиз ўтган яна бир кун 2013 йилда кузатилган, 2012 йилда эса 2 кун давомида ҳеч ким ҳеч кимни ўлдирмаганди.

Сальвадорда 6 миллион атрофида одам яшайди. 2016 йилда кунига ўртача 14,4та қотиллик содир этилган.

Зўравонлик ҳолати 2015 йилда чўққисига чиққанди, ўшанда ҳар 100 минг кишига 104 қотиллик тўғри келганди. Бу ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтмаётган давлатлар орасида одамларнинг ўлдирилиши бўйича энг юқори натижа ҳисобланади.

2016 йилда ҳукумат жиноий гуруҳларга уруш очиб, қотилликлар сонини аввалги йилга нисбатан 20 фоизга камайтиришга эришди (100 минг кишига 81,2та қотиллик). Аммо Сальвадор тинч аҳоли учун энг хавфли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. 2017 йилнинг биринчи кунидан буён 100дан ортиқ киши қотиллик қурбонига айланди.

Полиция бу давлат қотилликларсиз яшай олмаслигига изоҳ бера олмайди. Аммо ҳукумат жиноий гуруҳларнинг ҳаракатига чек қўйишга умид қилмоқда.

Сальвадордаги энг йирик жиноий ташкилот "Мара Сальватруча" (Mara Salvatrucha) бўлиб, наркобизнес, талончилик ва рэкет билан шуғулланади. Бу гуруҳ аввалига Лос-Анжелесда, ўтган асрнинг 80-йилларида сальвадорлик муҳожирлар томонидан ташкил қилинган. Мамлакатда 1992 йилда бўлиб ўтган фуқаролик урушидан кейин кўплаб муҳожирлар АҚШдан қайтган ва ташкилот фаолияти Сальвадорда давом эттирилган.

Сальвадордаги қотилликларнинг аксари "Мара Сальватруча" ва "Баррио 18" гуруҳлари қарама-қаршилиги оқибатида рўй беради. 2016 йилнинг апрелида мамлакат президенти Санчес Серен бандитларга қарши кампания бошланганини эълон қилганди.

Кўпроқ янгиликлар