Москванинг “Шереметьево” аэропорти ҳудудидан чиқиб кетмоқчи бўлган автомобиль ҳайдовчиси уч миллион рубль тўлаши лозимлиги ҳақида билдиришнома олди. Бу ҳисоблаш қурилмасидаги хато туфайли юз берди, деб хабар қилмоқда РИА Новости аэропорт матбуот хизматига асосан.

Аввалроқ, “Шереметьево”да 45 дақиқа давомида бўлган автомобиль соҳиби  автоматдан 3 379 800 рубль тўлаши лозимлиги ҳақида ҳисобни олгани маълум қилинганди. Аэропорт маъмуриятининг хабар қилишича, қурилма ноқулай об-ҳаво туфайли бузилиб қолган: ёмғир, намгарчилик ва ҳароратнинг кескин ўзгариши бунга туртки бўлди. Носозлик тезда бартараф этилган.

Эркак эса автомобилни вақтинча қолдиргани учун 200 рубль тўлаш билан чекланди, холос.

“Жорий йилда бундай вазиятларни олдини олиш мақсадида қурилмаларни замонавийсига алиштириш кўзда тутилган. Бу тўловга кетадиган вақтни камайтириш, кўтарма ғовларни очиш ва мижозлар автомобилларининг тезроқ кириб-чиқишига ёрдам беради”, - дея хабар қилишган аэропорт матбуот хизматида.