Муҳожирлар Сербия пойтахти Белградда совуқ қиш шароитида омон қолиш учун шаҳар боғларида ва қаровсиз уйларда тунни ўтказишга мажбур бўлмоқдалар.

Ғарб давлатлари муҳожирлар Европага бориш учун фойдаланган "Болқон йўли"ни ёпганларидан кейин Сербия ҳудудида чегараларнинг очилишини кутаётган минглаб муҳожирлар тўпланиб қолган. 

Бундай муҳожирлардан бири покистонлик Аламсар Сербияда ярим йилдан бери эканлигини ва совуқ об-ҳавода Белград университети автотураргоҳида тунни ўтказишга мажбур бўлаётганини маълум қилган. 

"Бошқа 10 муҳожир билан мен автотураргоҳнинг 2-қаватида тунамоқдаман. Шамол ва совуқдан ҳимояланиш учун бизда фақат эски адёлларгина бор", деб айтмоқда Аламсар.  

Кўплаб муҳожирлар учун тунаш жойини "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти вақтинчалик жойларда ташкил этмоқда. Бу ерда муҳожирлар бир кунда бир марта иссиқ овқат олишлари мумкин, бироқ душ қабул қилиш учун соатлаб навбатда туришларига тўғри келмоқда.