Жанубий Кореянинг Samsung Electronics корпорацияси президентининг ўғли Ли Чже Ённи сўроқ қилиш 22 соат давом этган. Отасининг хасталиги туфайли бир неча йилдан бери компанияни бошқариб келаётган вице-президент Кореяда авж олган коррупция можароси юзасидан терговга чақирилган, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги. 

Сўроқ 12 январь куни эрталаб бошланган ва деярли бир кун ўтгач, 13 январда якунланган. Ли Чже Ён мамлакат президенти ҳам аралашиб қолган коррупция можаросига алоқадорликда гумон қилиниб сўроқ қилинган. 

Ёнхап агентлигининг терговга алоқадор манбасига асосланган ҳолда хабар қилишича, Ли Чже Ён сўроқ давомида президент Пак Кин Хе унинг компаниясини дугонаси Цой Сун Силь ташкилотларига маблағ ўтказишга мажбурлаганини айтган. 

"Бироқ, пора босим натижасида берилган бўлса-да, уни берган киши жазога тортилади. Лининг баёноти эса, жазони енгиллатувчи бўлиши мумкин", — дея мулозим сўзларини келтиради агентлик. Шу билан бирга, Ли компаниясига нисбатан илгари сурилган кўплаб айбловларни рад этган. 

Терговчиларнинг фикрича, Samsung Electronics импичмент қўлланилган президент Пак Кин Хенинг қоҳина дугонаси Цой Сун Силнинг Германиядаги компаниясига 22 миллиард вон (18 миллион долларга яқин) маблағ ўтказганликда гумон қилинади. Гўё консалтинг хизматлари учун ўтказилган маблағлар отлар харид қилиш, Цойнинг қизини отда юришга ўргатиш ва ушбу спорт турига доир анжомларни харид қилишга сарфланган. Бундан ташқари, корпорация 20,4 миллиард вон (17 миллион долларга яқин) маблағни Цой назоратидаги иккита ноҳукумат фондларига ўтказган. 

Бундай беминнат хизматларига ташаккур сифатида Цой ўзининг давлат раҳбари билан муносабатларидан фойдаланган ҳолда Samsung ва Cheil Industries Inc. компанияларининг қўшилишини маъқуллаш учун Пенсия жамғармасига босим ўтказган. Пенсия жамғармаси Samsung компаниясининг 11,6 фоиз акциясига ва Cheil Industries Inc. компаниясининг 5 фоиз активига эга бўлган.