АҚШнинг Жанубий Каролина штати ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари сўнгги 20 йилдаги энг шов-шувли жиноий ишлардан бирини фош қилишди. Жэксонвилл шаҳрида 18 йил муқаддам туғруқхонадан ўғирлаб кетилган Камия Мобли топилган, деб ёзмоқда Британиянинг Daily Mail нашри.

Газета маълумотларига кўра, 18 ёшли қиз шу вақтгача ўзини ўғирлаган, 51 ёшли Глория Уильямс билан бирга истиқомат қилган ва уни онаси деб ўйлаб юрган. Уильямс Моблига сохта ҳужжатлар тўғрилашнинг ҳам уддасидан чиққан. Бироқ, унинг таваллуд кунини ўзгартирмаган. Айнан шу нарса, полициячиларнинг "ўғирланган чақалоқ" ишига ойдинлик киритишида қўл келган.

Шундан сўнг, ўтказилган ДНК таҳлили ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тахминини тасдиқлаган. Уильямсга ўғирлик айби илгари сурилган. 

Бироқ, ҳозирча, Камия, ўзининг ҳақиқий оиласига қайтиш хоҳишини билдирмаган. Бундан ташқари, Америка қонунчилигига кўра, қизнинг ўз оиласи билан бирлашиши икки томон розилиги билан амалга ошиши мумкин.