Кот-д'Ивуарда исён кўтарган ҳарбийлар мамлакат ҳукумати билан тартибсизликларга олиб келган маошлар бўйича келишувга келдилар. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Ҳарбийлар вакилининг айтишича, келишувга мамлакат мудофаа вазири Ален-Ришар Донвахи бошчилигидаги делегация билан Буаке шаҳрида эришилган.   

Аввалроқ исёнчилар ҳукумат ва ҳарбий делегациялар аъзолари бўлган бу шаҳарни қуршаб олганлари ва шаҳардан чиқиш йўлларини тўсиб қўйишгани маълум қилинганди.

Ушбу Африка давлатида маошларнинг оширилишини талаб қилган бир гуруҳ ҳарбийлар 6 январга ўтар кечаси ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари билан отишмага киришиб, Буаке шаҳридаги полиция бўлимларидан қурол ўғирлашган. Шундан кейин улар шаҳарга кириш жойларида жанговар позицияларни эгаллаб олишган. Кейинроқ яна икки шаҳар – Далоа ва Корогода ҳам исёнлар кўтарилган. Яхши қуролланган исёнчилар баъзи йўллар устидан назоратни қўлга олишган. Хавфсизлик кучлари тартибсизликлар юз берган аҳоли пунктларини тарк этишган.