Россия, Туркия ва Эрон дипломатлари Москвадаги маслаҳатлашувларда Остонада бўлиши режалаштирилаётган Сурия бўйича музокараларга тайёргарликни муҳокама қилишди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.  

"Муҳокамада 23 январда Остонада ўтиши белгиланган Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича халқаро учрашувга тайёргарлик ва уни ўтказиш масалаларига эътибор қаратилди. Остонадаги форум Суриядаги жанговар ҳаракатларни узоқ муддатга ва барқарор тўхтатишни таъминлашга, террорчилик гуруҳлари билан курашни давом эттиришга ҳамда Сурия инқирозини БМТ резолюциялари асосида сиёсий ҳал қилиш жараёнига зарур туртки бериш мақсадида ўтказилиши ҳақида умумий фикр билдирилди", деб айтилди хабарда.

Маслаҳатлашувларда Россия томонидан Россия президентининг Яқин Шарқ ва Африка давлатлари бўйича махсус вакили, ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва ташқи ишлар вазирининг Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш бўйича махсус вакили, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка департаменти директори Сергей Вершинин, Эрон ва Туркиядан ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирок этишди. 

Остонадаги маслаҳатлашувлар 23 январда бошланади. Унда Сурия ҳукумати ва қуролланган мухолифат вакиллари иштирок этишади.