Хитой чемпионатида легионерлар учун лимит белгиланди. Эндиликда, чемпионат ўйинларида бир жамоа таркибида майдонда ҳаракат қилиши мумкин бўлган хорижлик футболчилар сони 3 нафардан ошмаслиги керак ҳисобланади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзмоқда. 

Wildeastfootball маълумотига кўра, ўйин қайдномасига 18 нафар футболчи киритилади, улардан 5 нафари хорижлик бўлишига рухсат берилади. Бундан ташқари, қайдномага 23 ёшгача бўлган 2 нафар маҳаллий футболчи киритилиши, улардан бири эса асосий таркибда майдонга туширилиши шарт бўлади.

ОАВ хабарига кўра, бу қарор Хитой Футбол федерацияси томонидан ҳукумат кўрсатмасига биноан қабул қилинган. Чекловлар жорий этилгани ҳақида ҳозирча расман эълон қилинмади, аммо федерация бу қоидалар ҳақида клубларни огоҳлантирган.

Ўтган мавсумда Хитой чемпионатида қуйидаги чекловлар мавжуд бўлган: ўйин заявкасига осиёлик 1 нафар легионер ва бошқа қитъадан 4 нафар легионер киритилган. Майдонда бир вақтнинг ўзида осиёлик легионер билан бирга 3 нафар хорижлик футболчи ўйнаши мумкин бўлган.

Хитой чемпионатининг янги мавсуми 4 март куни бошланади.