Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади

Жамият 15 Январь 2017 10302

Дунёга эндигина келган чақалоқни гўё оппоқ, тоза дафтарга ташбеҳ қилиш мумкин. Энди бу дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб илм ола бошлайди. “Илм” сўзи луғатда “билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш” каби маъноларни англатади. Шунинг учун уламолар илмга “ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш” деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот асл моҳиятни тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратига манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Илм икки дунё саодатининг калитидир. Инсон ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворию амалида таъсири билинмаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам бу илмнинг ҳаммоли бўлади, холос.

Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек, “Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади”. Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.

Илмнинг ўзи шу қадар хазинага эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражалари бениҳоя юксак бўлади. “Устоз отангдай улуғ” деб бежизга айтилмаган.

Буюк аждодларимиз, бобокалонларимиз илмли бўлганлар, илм ўрганишни фарз, илм ўргатишни эса бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Шу боис, муқаддас диёримиз илму маърифат маконига айланди, кўплаб масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу уламолар ва фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, ислом нурини бутун оламга таратдилар, дунёни илму маърифатга тўлдирдилар.

Имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Фарғоний, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино каби буюк алломаларимиз диёримизнинг довруғини курраи заминга, жумлаи жаҳонга ёйдилар. Мана минг йилдан ошдики, бутун дунё бизни Бухорийнинг ватандошлари, Термизийнинг авлодлари деб эҳтиром қилади.
Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодларимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги доруламон кунларда сизу бизнинг вазифамиз яна илмга берилиш, фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди.

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан ҳар бир соҳада фидойи мутахассислар етиштириш билан боғлиқдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.

Шу ўринда айтиш жоизки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди. Натижада улкан тараққиётга эришди. Илмни фақат холис ният билан, Аллоҳнинг розилиги учун ўрганиш лозим. Уни кимлар биландир баҳслашиш, илмини кўз-кўз қилиш, динни ниқоб қилиб, турли дунёвий, ғаразли мақсадларига эришиш воситаси қилиб олиш гуноҳи кабирадир. Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг ўз тарихи, ислом тарихи, дунё тарихини яхши билмаслигидан, сиёсий онгининг етарли шаклланмаганидан усталик билан фойдаланиб қолаётганлар бор. Уларнинг алдовларига учаётганлар оиласига, Ватанига ва энг ёмони, Аллоҳнинг динига лой чапламоқдалар, ғаразли мақсадларни кўзловчи кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, манқуртга айланаётгани ачинарлидир.

Шунинг учун ҳам бугунги авлод олдида улкан, машаққатли ва шарафли вазифа турибди. Бу вазифа – Ватанимизнинг бугуни ва эртаси олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этишдир. Бу масъулиятни зиммага олиш учун теран ақлга, дунёвий илмларга эга бўлишимиз лозим.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби, 
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, 
“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби
.

Кўпроқ янгиликлар