2016 йилги Рио Олимпиадасида кумуш медаль совриндори бўлган ўзбекистонлик боксчидан UPL нашри мухбири интервью олди.

- "O'zbekiston iftixori" ордени билан тақдирланганингиздан кейин ҳаётингиз қанчалик ўзгарди?

 - Масъулият ортди. Ахир мен бу мукофотни президентнинг шахсан ўзидан қабул қилдим. Менимча, бундай мукофотни, тағин давлат раҳбари қўлидан олишни барча орзу қилади. Мен бунга эришганимдан жуда мамнунман. Биз бу воқеани оиламиз ва дўстларимиз билан нишонладик. Бутун Бухоро билан байрам қилдик. Бу мен учун катта шараф.

 - Сиз Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон ҳисобига илк кумуш медални олиб берганингизда нималарни ҳис қилган эдингиз?

 - Мен буни сўз билан таърифлашга ожизман. Бу Олимпиададаги илк иштироким эди. Ўйлайманки, илк олимпиададаёқ кумуш медаль олиш -  барча учун катта хурсандчилик ва қувонч келтиради. Барча спортчилар Олимпиадада ҳеч бўлмаса бир бор иштирок этишни орзу қилишади. Қандай медаль қўлга киритилишининг фарқи йўқ: бронза, кумуш ёки олтин. Медаль ўз номи билан медаль. Мен Ўзбекистон медаллар жамғармасига кумуш медалим билан ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсанд бўлганман. Бундан томошабинлар, мухлислар ва халқимиз мамнун бўлишди.

 - Сизда яна орзулар борми?

 - Ҳа-да. Албатта, орзу бор. Барчада ҳам орзу бўлса керак. Бусиз яшаш қийин. Агар орзуингиз бўлса, уни амалга ошириш учун интиласиз. Мен олимпия чемпиони бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Меҳнат қиламан интиламан, машғулотлар ўтказаман ва Ўзбекистон учун олтин медаль олиб келишга ҳаракат қиламан.

 - Болаликда ким бўлишни истагандингиз?

 - Ростини айтсам, болалигимда дипломат бўлишни орзу қилганман. Аммо тақдир кучлироқ чиқди ва мен  спорт йўлидан кетдим. Лекин бу танловим учун ҳеч қачон афсусланмайман... 

 - Ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёев келишидан кейин рўй бераётган ўзгаришларга қандай қарайсиз?

 - Мен Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан жуда хурсандман. Биз уни аввалдан таниймиз. Ўтган вақт давомида биз кўп марта учрашганмиз. Олимпиада арафасида ҳам у бизга шахсан омад ва муваффақият тилаганди. Рио-де-Жанейродаги жангларимиздан кейин ҳар сафар у бизга қўнғироқ қилар ва табриклар эди. У бизнинг энг яхши президентимиз бўлади. Мен унга соғлиқ ва бахтиёрлик тилайман. Биз спортчилар уни жуда севамиз ва ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.