Венесуэла қуролли кучлари йирик кўламдаги аксилимпериалистик машғулотлар "Самора-200"ни ўтказмоқда. Бу ҳақда Noticias24 нашри хабар бермоқда

Мамлакат қуролли кучлари вакили Жексон Санчес машғулотларда 115 минг киши иштирок этаётганини, бироқ уларнинг сони янада оширилиши мумкинлигини айтган.

"Бошқа бўлинмалар бизнинг бош қўмондон, президент Николас Мадуронинг буйруғи билан машғулотларда иштирок этишга тўлиқ шай ҳолатда турибди", деб айтди Санчес.

Машғулотлардан мақсад фуқаролик-ҳарбий иттифоқ доирасида мамлакатни тўлиқ ҳимоялаш учун кучларни сафарбар қилиш имкониятларини кучайтириш ҳисобланади. Машғулотларга ҳарбийлардан ташқари, аҳолини озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга жавоб берувчи ташкилотлар ходимлари жалб қилинганлар.

Аввалроқ Мадуро давлат тўнтарувларига қарши курашувчи бригаданинг яратилишини ва унинг таркибига махсус хизматларнинг юқори лавозимдаги ходимлари киришини маълум қилганди.