14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди. 

“Энди, рухсатингиз билан, 2017 йилда олдимизда турган вазифалар тўғрисида тўхталсак. Биз 10 миллиард 800 миллион доллар ҳажмидаги маҳсулот экспортини таъминлашимиз керак. Бу борада қандай кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишимиз зарур?

Биринчи – 15 кунлик муддатда комплекслар бўйича эмас, чунки бу ўзини оқламаяпти, балки экспортга маҳсулот чиқарадиган барча корхоналар бўйича ҳаракат дастурини пухта ишлаб чиқиш ва У.Розуқулов раҳбарлигидаги махсус комиссия мажлисида тасдиқлаш керак.

Иккинчи вазифа – 2016 йилда Тошкент шаҳри ва хорижда ўтказилган халқаро саноат ярмаркаларида жами 7,7 миллиард долларлик маҳсулотни экспорт қилиш бўйича тузилган шартномаларни амалга ошириш зарур.

Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Украина ва Беларусь Республикасида, шунингдек, бошқа давлатларда маҳсулот сотишнинг янги бозорларини излаш бўйича бошланган ишларни янада фаол давом эттириш керак. Лекин Болгария билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича берилган топшириқ, афсуски, натижасиз қолди.

Бу ишларга бизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Буни Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва ташқи ишлар вазири А.Комилов назоратга олсин.

Учинчи вазифа – «Ўзтадбиркорэкспорт» ва «Ўзсаноатэкспорт» акциядорлик жамиятлари, шунингдек, Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси йўналиши бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорти билан боғлиқ. Бу борада камида 1 миллиард 500 миллион долларлик экспортни таъминлаш керак.

Тўртинчи вазифа – мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш. Бош вазир ўринбосари З.Мирзаевга 15 кун муддатда ўтган йили 650 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинмай қолгани сабабларини атрофлича таҳлил қилиб, аниқ таклифлар киритиш топширилади.

Бу борада мамлакатимиздаги мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган 66 та туманнинг салоҳияти ва имкониятларини ҳам сўзсиз ҳисобга олиш зарур. Энди ушбу туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва тумандаги барча раҳбарлар прогноз кўрсаткичларига эришиш учун тўғридан-тўғри жавобгардир.

Бош вазир ўринбосари, махсус комиссия раиси У.Розуқулов ва янги департамент бу амалий вазифаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосарлари фаолиятини мувофиқлаштириши шарт.

Мазкур иккита комплексдаги ишларнинг ҳолатини, шунингдек, Ғ.Ибрагимов ва У.Розуқуловнинг шахсий жавобгарлигини танқидий таҳлил қилишга эътиборингизни алоҳида қаратдим. Бунинг сабаби – бу соҳаларга нафақат саноат, балки бутун иқтисодиёт ривожида ҳал қилувчи ўрин тутади, деб ғоят катта ишонч билан қараяпмиз. Уларни ва комплекслар таркибидаги ташкилотлар раҳбарларини шахсан огоҳлантираман: агар жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича реал натижалар таъминланмаса, сизларга нисбатан қаттиқ чора кўрилади”, - деди Ўзбекистон раҳбари.