Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бирлашган Араб Амирликлари тадбиркорларини Қозоғистондаги кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишга чақирди. Назарбоев бу таклифини БААга расмий ташрифи вақтида бу мамлакатнинг ишбилармонлик доиралари вакиллари билан учрашувда билдирди.

Назарбоев  Қозоғистон йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича кампания ўтказаётгани ва унинг доирасида 700 га яқин актив сотувга қўйилганини маълум қилди. "Булар тоғ-металлургия, нефть қазиб олувчи тармоқ, энергетика, транспорт ва алоқа, инфратузилма объектлари акцияларидир. Биз амирлик компанияларининг хусусийлаштиришда иштирок этишини қутлаймиз", деб айтган Назарбоев. 

Назарбоев БАА компанияларига махсус иқтисодий ва саноат ҳудудлари бошқарувини олишни таклиф қилди.

"Бизни БААнинг саноат ҳудудларини ривожлантириш бўйича катта тажрибаси қизиқтиради. Биз бундай ҳудудларни амирлик компаниялари бошқарувига беришга тайёрмиз", деб айтган Назарбоев.

Айни вақтда Қозоғистонда 10 та махсус иқтисодий ҳудуд ва 20 та саноат ҳудуди ишламоқда. 

БААнинг Қозоғистонга охирги 25 йил ичидаги бевосита инвестициялари ҳажми 2 млрд долларга етган.

Назарбоев Остонада умумий қиймати 1,6 млрд долларлик "Абу Даби плаза" инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётганини эслатиб ўтди.