Буюк Британия автомобиллар бозорида 2016 йилда ҳаммаси бўлиб 3 068 000 та енгил ва енгил тижорат машиналари харид қилинди. Бу натижа Буюк Британияга дунёнинг энг йирик автобозорлари рейтингининг 6-поғонасини эгаллашга имкон берди. Енгил машиналардан 2 692 786 та сотилган ва 2015 йилги кўрсаткичдан 2,3 фоизга кўпроқ бўлган. Бу ҳақда Focus2move таҳлилий агентлиги маълум қилди. 

Ford, Opel ва Volkswagen Британия автобозорида энг оммабоп брендлар номини сақлаб қолди. Шу билан бирга улардан ҳар бирининг савдоси 5,1 фоиздан 7,5 фоизгача тушиб кетган. Қуйида Буюк Британия автобозорида 2016 йилда "бозори чаққон" бўлган машиналар рўйхати келтирилган.

Буюк Британия бозорининг мутлақ етакчиси Ford Fiesta 120 525 та сотилган автомобиль билан 2016 йилда 1-ўринни сақлаб қолди. Бироқ бу кўрсаткич 2015 йилдагидан 9,7 фоизга камроқ бўлган. Vauxhall Corsa ёки бошқа бозорларда Opel Corsa сифатида маълум бўлган ихчам модел 2-ўринни эгаллади, бундай машиналардан ўтган йили 77110 та сотилган. 3-ўринни 70545 та сотилган автомобиль билан Ford Focus эгаллади.

Умуман олганда, британияликларнинг ихчам автомобилларга қизиқишлари юқори бўлиб қолмоқда, бироқ улардан энг машҳурларига талаб сусаймоқда.