14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

"Барчамиз сўзсиз тушунамизки, иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларни муваффақиятли амалга ошириш иқтисодий ва молиявий органларнинг самарадорлигига боғлиқ. Улар яқин ва узоқ истиқболда мўлжалланган, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга доир стратегик вазифаларни нафақат ишлаб чиқиш, балки амалга оширишни таъминлашлари зарур". 

Шу ўринда Шавкат Мирзиёев бундан бир неча йил олдинги ҳукумат мажлисида иқтисодиёт вазирлиги ва унинг собиқ раҳбари Ғуломовнинг фаолияти қаттиқ танқид қилинганини ёдга солди. 

"Ҳукумат мажлисида Иқтисодиёт вазирлиги республиканинг бошқа вазирлик ва идоралари учун локоматив вазифасини бажара олмаётгани таъкидланган эди. Афсуски, бугун очиқ айтиш керак, Иқтисодиёт вазирлиги шу вазифани ҳалигача бажармади". 

Шундан сўнг аниқ факт ва муаммоларга мурожаат қилинди. 

"Тармоқлар бўйича таннарх ўртача 10 фоизга қисқартирилган бўлса-да, кимё ва енгил саноат, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа бир қатор тармоқларнинг айрим маҳсулотлари қимматлиги сабабли ташқи бозорда рақобатбардош бўла олмаяпти. Айрим корхоналар зарар билан ишламоқда. 

Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришнинг аввалги усуллари эскирди. Экспортни прогноз қилиш билан бирга импортни пухта ва синчиклаб прогноз қилмаслигимизни қандай тушуниш мумкин? 

Фақат ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда маҳаллийлаштирилган қарийб 400 миллион долларлик маҳсулот четдан импорт қилинган. Айниқса, "Ўзбекэнерго", "Ўзқурилиш материаллари" акциядорлик жамияти, "Олмалиқ" тоғ-кон комбинати, "Ўзфарм" саноат компанияси бунга берилиб кетган. 

Ҳурматли Галина Каримовна, бундан кейин ҳар ой, ҳар чорак якунланиши билан мавжуд аҳволни чуқур таҳлил қилган ҳолда таннархни ва импортни қисқартириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича хўжалик бирлашмалари ва ҳокимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида президентга шахсан маълумот киритасиз. Киритилган маълумотларга чуқур таҳлил - кўрилаётган ёки кўрилмаётган чоралар ёритилиши, шунингдек аниқ таклифлар бериш керак. 

Айрим раҳбарларнинг чилдирмасига ўйнаш даври ўтди. Шу асосда ҳар ойда бир марта президент раҳбарлигида селекторлик йиғилиши ўтказилади ва тегишли баҳо берилади. 

Ўз вақтида Галина Каримовна, шахсан сиз ва жаноб Ғаниев эркин иқтисодий зоналар ташкил этишни таклиф қилгандингиз. Бу яхши ташаббус, лекин у охиригача ҳаракатлар билан мустаҳкамланмади. Исбот тариқасида Навоий эркин иқтисодий зонаси бўйича маълумотларни келтираман. 8 йил ўтди, атиги 24та лойиҳа амалга оширилиб, уларда хорижий инвестициялар улуши жуда паст ва атиги 900 нафар одам ишга жойлаштирилган. Ўтган йили эса маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга камайган. Хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар қандай аҳволда экани танқидий таҳлилни талаб этади. Бундай инвестициялар улуши 30 фоизга тушиб қолган. 

Лойиҳаларни экспертиза қилиш ҳамда тендерларни ўтказиш бюрократлашиб кетгани энг асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланиши бўйича экспертиза агентлиги ташкил этилгандан кейин ҳам сезиларли ўзгариш ва натижа йўқ. Агентлик раҳбари Ҳошимовдан ташаббус етишмайди. Ушбу масалаларга доир ҳукуматнинг 110-қарори тошдек қотиб кетган ва 10 йилдан бери қайта кўриб чиқилгани йўқ. Бундан экспертиза органларининг айрим қўли эгри раҳбарлари ва мутахассислари усталик билан нопок мақсадларда фойдаланмоқда. Шунинг учун, Галина Каримовна, сиздан 15 кун муддатда ушбу қарорга ўзгартириш киритиш бўйича таклиф киритишингизни сўрайман".

"Буларнинг барчаси Иқтисодиёт вазирлиги ва унинг раҳбарияти вазифасига кирмайдими? "Биз ишлаб чиқдик ва тасдиқладик, энди сизлар амалга ошириш ва натижа учун мажбурсиз", деган фикрни қўлланма қилиб олиш мумкин эмас. "Бизнинг қароримиз энг юқори босқичдаги ҳақиқат ва қонун", деган нотўғри принципга асоссиз таяниш ва амал қилиш мумкин эмас. Шу муносабат билан бош вазир А. Ариповдан Иқтисодиёт вазирлигининг бутун тизимини қайта ташкил этишни таъминлайдиган ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқишни ва тақдим этишни тезлаштиришни сўрайман. Иқтисодиёт вазирлигининг вазифа ва функцияларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур".