Қозоғистонда мамлакат президенти маъмурияти раҳбарининг собиқ ўринбосари Баглан Майлибоев қўлга олинди. У давлат сирларини ошкор этишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Tengrinews республика миллий хавфсизлик қўмитасига асосан хабар берди.

Таъкидланишича, Майлибоев билан бирга президент маъмуриятининг яна бир собиқ хизматчиси – Николай Галихин ҳам ҳибсга олинди. У давлат раҳбарининг сайтида ички сиёсат бўлими мудирининг ўринбосари сифатида кўрсатилган.

Майлибоев ва Галихин 12 январь куни қўлга олинди. Улар давлат сирларини ноқонуний йиғиш, тарқатиш ва ошкор этишда гумон қилинмоқда.

«Гумонланувчиларнинг уйларида тинтув ўтказилди, далил-исботлар олинди. Тергов давом этмоқда, унинг натижалари ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилади», - дейилади МХҚ хабарида.

Маълумот учун, Майлибоев Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимидан 2017 йилнинг 12 январь куни озод этилди. У бу вазифада 2011 йилнинг 11 октябридан бошлаб ишлаб келган.