14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

“Бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилган. Яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак?

Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур. Шу муносабат билан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади:

биринчи – қишлоқ врачлик пунктлари, юқори технологиялар асосидаги ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларга доир топшириқларни амалга ошириш юзасидан таклифларни ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш зарур;

иккинчи – врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш бўйича таъсирчан тизим яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш даркор. Зарур бўлса, уларни моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш керак;

учинчи – 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нарх бўйича сотилишини назорат қилувчи органлар билан бирга қатъий тартибга солиш зарур. Ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини сезиши керак.

Шу билан бирга, ўтган йили сентябрь ойида тасдиқланган 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур самарали бажарилишини таъминлаш даркор;

тўртинчи – қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга ошириш алоҳида назоратга олиниши керак. Ҳар бир имтиёз ва ижтимоий ҳимоя чораси ўз эгасига етиб бориши даркор;

бешинчи – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов билан биргаликда экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш, энг аввало, жойларда чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича таклифларни яқин вақт ичида тақдим этиш зарур;

олтинчи – сиз ва шахсан маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовнинг эътиборини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида яратилган қудратли базадан самарали фойдаланиш зарурлигига қаратаман.

«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур.

Таъкидлаш керакки, вазир Б.Аҳмедовнинг бугунги мажлисимизга тайёрлаб келган жонсиз ҳисоботи ҳеч қандай танқидга чидамайди. Бу ҳисоботда на таҳлил, на аниқ таклиф бор. Афтидан, айнан шунинг учун ҳам сизнинг маданиятни ривожлантириш соҳасидаги ишларингиз асосан юбилей тадбирларини ўтказиш билан чекланиб қоляпти. Сиз ҳам, ўринбосарларингиз ҳам бу соҳага янгича мазмун киритиб, вазиятни тубдан яхшилашга ҳаракат қилмаяпсизлар”, - деган Ўзбекистон раҳбари.