14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

Хусусан Ўзбекистон Президенти тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ масалага ҳам тўхталиб ўтди.

“Тадбиркорлар билан шахсан учрашишга сизларга нима халақит беради? Албатта, бу учрашувларда сизларга ёқмайдиган саволлар берилиши табиий.

Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувларда шахсан ўзим шунга қаттиқ ишонч ҳосил қилдимки, бундай саволларни беришга уларнинг тўлиқ ва қонуний ҳуқуқи бор. 

Бу ҳуқуқни улар турли маълумотнома, рухсатнома ва сертификатлар, кредит олишда неча кунлар навбатда туриш, ноқонуний текширувлар, бой берилган иқтисодий ва молиявий фойда ҳисобидан қўлга киритган.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг кўпчилиги ҳақиқий фуқаролик позициясида туриб, етим болалар ва ночор оилаларга, маҳаллалар ва ижтимоий соҳа муассасаларига беғараз ёрдам бермоқда.

Бунинг эвазига улар нима оляпти? Биринчиси – фақат қўрқув, яна текширишни ва сиқувга олишни бошлашади, эркин меҳнат қилишга, оиламни, бола-чақамни боқишга яна имконият бермайди, деган қўрқув. Шу сабабли улар ўз ишида камчилиги ва қонунбузарлик ҳолати бўлмаса ҳам турли даражадаги амалдорлар билан «келишиб олишга» мажбур бўлмоқда.

Ўйлайманки, буларнинг барчасидан сиз, Рустам Содиқович, танқидий хулоса чиқарасиз ва жорий йил якуни бўйича ҳукумат мажлисида реал натижалар билан ҳисобот берасиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.