Режиссёр Шуҳрат Аббосов бугун 86 ёшни қаршилади

Маданият 16 Январь 2017 7774

Ўзбек кино санъатининг улуғ дарғаси, машҳур режиссёр, профессор Шуҳрат Аббосов бугун, 16 январь куни 86 ёшга тўлди. 

Шуҳрат Аббосов “Маҳаллада дув-дув гап” (1960), “Сен етим эмассан” (1962), “Тошкент – нон шаҳри” (1967), “Абу Райҳон Беруний” (1974), “Оловли йўллар” (1977-1985), “Отамдан қолган далалар” (1997), “Дилор, Дилор, дил ва ор” (2015), “Яна маҳаллада дув-дув гап” (2016-2017) фильмларига режиссёрлик қилган.

Шуҳрат Аббосов СССР халқ артисти, “Шуҳрат” медали,  “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва ўнлаб халқаро кинофестивалларда бош мукофот соҳиби бўлган ва энг яхши режиссёр сифатида тақдирланган.

Киноижодкор Қўқон шаҳрида 1931 йилда дунёга келган. У 1949 йилда Тошкент тиббиёт техникуми, 1954 йилда Тошкент давлат маданият институтини, 1958 йилда “ВГИК” (Бутуниттифоқ кинематография олий мактаби)да режиссёрлик курсини тамомлаган. У ўзининг меҳнат фаолиятини 1954 йилда Янгийўлдаги Тошкент вилояти мусиқали драма театри бош режиссёрлигидан бошлаган. 

1958-1991 йилларда “Ўзбекфильм” киностудияси режиссёри, 1982-1986 йилларда киностудия директори лавозимида ишлаган. 1983 йилдан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтида профессионал мутахассис ва педагог сифатида талабаларга таълим бермоқда.

“Dono Productions”  кинокомпанияси режиссёрнинг 86 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир ташкил этди. 

Унда кинокомпания вакиллари, Шуҳрат Аббосовнинг шогирдлари, ёш режиссёр ва актёрлар иштирок этишди.

“Dono Productions” кинокомпанияси ўзбек киносининг афсонаси Шуҳрат Аббосовнинг таваллуд айёмига бағишлаб кичик ролик ҳам тақдим этган

Кўпроқ янгиликлар