Туркия парламенти биринчи ўқишда, мамлакатни президентлик республикасига айлантириши мумкин бўлган қонун лойиҳасини қабул қилди, деб хабар қилмоқда Anadolu агентлиги.

18 моддадан иборат ушбу ҳужжатни ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси парламент муҳокамасига киритган эди. Агар, у тўлиқ қабул қилинса, мамлакатни бошқаришнинг  парламент шакли амал қилиши тўхтатилади. Бу бошқарув шакли Туркия республикаси ташкил этилгач, 1923 йилдан амалда эди. 

Қайд этилишича, мамлакат бошқарув қонунчилигининг ўзгариши, республика президентига фармонлар бериш, мулозимлар ва вазирларни тайинлаш ҳамда Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласини референдумга қўйиш ҳуқуқини тақдим этади. 

Аввалроқ, Туркия президенти ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида парламент фракциялари муносабатларига қўл ёрдамида ойдинлик киритиб олишган эди.