Туркиядаги мактаблар ўқув дастуридан Чарльз Дарвиннинг эволюция назарияси чиқариб ташланди. Буни Туркия таълим вазири Исмет Йилмаз маълум қилди. Бу ҳақда Turkishminute портали ва Haberturk нашри хабар бермоқда. 

Вазир матбуотда жорий ўқув йили давомида кучга кирадиган янги ўқув дастури ҳақида маълумот берди. Ундаги ўзгаришлардан бири катта синфлар учун биология дарсликларидан эволюция назариясининг олиб ташланиши бўлди. Унинг ўрнини атроф-муҳит шароитларининг ирсий ўзгаришларга таъсири бўлими эгаллади.

Вазир журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Дарвин эволюция назарияси фақатгина назария эканлигини айтди.

Туркиянинг етакчи Адолат ва тараққиёт партияси ўз мафкураси фойдасига таълим дастурларини ўзгартиравериши сабабли мунтазам танқидга учраб келади. Hurriet Daily нашрининг таълим соҳасидаги мухбири PISA халқаро таълим тадқиқотлари натижаларига кўра, мамлакатда таълим даражаси 2003 йилдаги даражага тушиб кетганини айтган. Унинг фикрича, бу ҳолат таълим вазирлиги раҳбариятида мунтазам ўзгаришлар содир этилиши сабабли юз берган. Таълим тизими ва стандартлари эса янги раҳбар келиши билан яна ўзгартирилади.