14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

“Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак. 

Бунинг учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим.

Биринчи– фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш керак. Ўйлайманки, ана шу муҳим ишда Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари фаол иштирок этади.

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Қонунчилик палатаси Спикери – Нуриддинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Сенат Раиси – Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев ҳам жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир.

Иккинчи– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор.

Ана шу ишларнинг бош мақсади – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас.

Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди! 

Бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмайди.

Учинчи– Бош вазир бошчилигида тузилган махсус комиссия бир ҳафта муддатда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури лойиҳасини яна бир бор қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун киритиши керак”, деди Ўзбекистон Президенти.