Ўзбекистонда чироқ ва газ масаласига жавобгар амалдор президентдан қаттиқ гап эшитди

Ўзбекистон 16 Январь 2017 153007

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

Хусусан, Президент Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Ғуломжон Ибрагимовни кескин танқид қилиб, унга ҳайфсан берди.

“Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.

Бу ўринда асосий муаммо, менинг назаримда, қуйидагилардан иборат. 

Биринчидан, айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолмоқда. 

Иккинчидан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда. 

Ва ниҳоят, учинчи асосий камчилик – кўпчилик раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва туманлардаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани билан боғлиқ. 

Шунинг учун бугун Бош вазир ўринбосарларидан ўзларига қарашли вазирлик ва идораларнинг адвокати бўлиб эмас, балки энг аввало, давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ана шу саволларга ғоят аниқ ва равшан жавоб беришни талаб қиламан. Шунингдек, комплекс таркибидаги ҳар бир бошқарув органи раҳбарига жиддий ва аниқ баҳо беришни сўрайман.

Барқарор иқтисодий ривожланиш пойдевори бўлган таянч тармоқлардаги ишларимиз қай аҳволда?

Давлат томонидан бу тармоқлар доимо қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, нима сабабдан изчил ва барқарор ўсиш таъминланмаяпти? Ва ниҳоят, нима сабабдан тажрибали комплекс раҳбари Ғ.Ибрагимов томонидан самарали бошқарув жилови қўлдан чиқариб юборилган?

Аниқ далилларга мурожаат қилайлик.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси тизимида – А.Султонов – 2010-2016 йилларда қарийб 20 миллиард долларлик катта капитал қўйилмалар киритилганига қарамасдан, суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш камайган.

Шу билан бирга, бу борада хомашё импорт қилиш 1,3 баробар кўпайган. Йирик ва ҳаётий муҳим лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари доимо барбод қилинмоқда. 40 минг киши ишлайдиган «Ўзтрансгаз» компанияси тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик 14 фоизга ошган.

Нима сабабдан, Ғулом Иномович, сиз илгари ўзингиз раҳбарлик қилган «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги ишлар аҳволига сусткашлик билан ёндашяпсиз? Нима сабабдан ушбу тармоқдаги ишлар доимий равишда издан чиқмоқда? Қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ва уларнинг танқислиги учун шахсан ким жавоб беради? Охирги 10 йилда минерал ўғитларнинг нархи неча баробар ўсган?

Табиий савол туғилади: ўғитнинг таннархи неча марта камайган? Афсуски, бундай ҳақли саволларга жавоб йўқ. Бундан ким зарар кўряпти? Албатта, деҳқон ва фермерларимиз.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида 67 минг киши, жумладан, қўштирноқ ичидаги «пул йиғувчи»лармавжуд бўлса-да, нима сабабдан улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмайди? Кўмир қазиб олиш тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «ёнбошлаганича ётибди».

Сизга уч йил олдин ходимлар штати ҳаддан ташқари кенгайиб кетган, жумладан, қариндошчилик асосида ишга олиш ва жуда юқори иш ҳақи белгилаш авж олган ўнлаб лойиҳа гуруҳлари фаолиятини пухта ўрганиб чиқиб, тартибга солиш топширилган эди. Нима учун топшириқни охиригача бажармадингиз?

Сиз ва сизга бўйсунувчи раҳбарлардан бугун ана шу саволларга жавоб беришингизни талаб қиламан. Шу билан бирга, биринчи ярим йилда асосий эътиборни қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратиш зарур:

биринчи – Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича яқинда тасдиқланган дастурни сўзсиз амалга ошириш учун Қ.Санақулов ва А.Фармоновнинг шахсий жавобгарлигини таъминлаш шарт. Бир-икки фоиз миқдордаги ўсиш суръатлари билан чегараланиб қолиш мумкин эмас.

Шу муносабат билан Ғ.Ибрагимов қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги фабрикалар қуришга доир топшириқни бажариш бўйича қарор лойиҳасини киритишни тезлаштириши зарур;

иккинчи – нафақат жорий йилда, балки яқин 3-5 йилда фойдаланишга топшириладиган барча стратегик муҳим объектларни ўз вақтида ишга тушириш даркор;

учинчи – нефть-газ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, импортни кескин камайтириш ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш бўйича пухта ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар комплексини тақдим этиш зарур.

Кейинги 10 йилда Вазирлар Маҳкамаси комплексларига қарашли вазирлик ва идоралар томонидан олиб кирилган асбоб-ускуналар импорти таҳлил қилинмаган. Уларни маҳаллийлаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас, бу масала билан ҳеч ким астойдил шуғулланмаяпти. Бундай ёндашув замирида нима ётибди, деган ҳақли савол туғилади.

Шунинг учун бундан буён Вазирлар Маҳкамасининг ҳар чорак якуни бўйича мажлисларидан олдин алоҳида йиғилишлар ўтказилиб, уларда ҳар қайси Бош вазир ўринбосарининг импортни ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш борасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Уларнинг фаолиятига холисона баҳо берилади.

Давлат геология қўмитаси тизими, шунингдек, унинг раҳбари И.Тўрамуратов фаолияти самарадорлиги алоҳида эътиборни талаб қилади. Яқин вақт ичида 2017-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва тиклаш дастури лойиҳасини тақдим этиш зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.
 

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 31916 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 69336 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 9495 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 131812 Жамият
Ҳиндистондаги темир йўл фалокати қурбонлари сони 20 кишига етди
21:58 17 Жаҳон
Испания Франция билан чегарасида назоратни кучайтиради
21:53 22 Жаҳон
АПЛ. «Ливерпуль» қийин ғалабани қўлга киритди, 
21:50 237 Спорт
Олий лига. Бир дербида дуранг, бошқасида йирик ҳисоб, «Қизилқум» етакчилардан бирини енгди
21:35 751 Спорт
Ўзбекистондаги Police мотоцикл гуруҳлари​ фаолиятига ойдинлик киритилди
Рио-2016​ олимпиадасидан бир йил ўтди. Шаҳар бугун ачинарли ҳолатда
21:15 4384 Спорт
Кўпроқ янгиликлар