Венесуэла ҳукумати мамлакатда энг кенг тарқалган 100 боливарлик миллий пул бирлиги амал қилиш муддатини 20 февралгача узайтирди. Бу ҳақда давлат раҳбари Николас Мадуро маълум қилган.

"Мен купюраларнинг муомалада бўлишини яна бир ой, 20 февралгача узайтирдим", — дея президент Мадуро сўзларини келтиради Рейтер агентлиги. 

2016 йил декабрь ойи ўрталарида Николас Мадуро 72 соат мобайнида 100 болиарлик купюралар муомаладан олинишини маълум қилган, бу вақтда унинг қора бозордаги курси атиги 2,5 центга тўғри келар эди. Бироқ, кейинчалик, банкнота муомаласи икки марта, 2 январь ҳамда 20 январгача узайтирилди. 

Мамлакат Марказий банки 500 дан 20 минг боливаргача бўлган 6та янги купюрани ишлаб чиққанини эълон қилган, аммо, улар ҳозирча, муомалага киритилгани йўқ.