Бельгиянинг собиқ бош вазири Ги Верхофстадт ва яна 6 нафар евродепутат Европарламент (ЕП) раҳбари лавозимига ўз номзодларини қўйдилар. Буни Страсбургдаги навбатдаги йиғилишнинг очилишида ЕП спикери Мартин Шульц маълум қилди. 

Ги Верхофстадт Бельгия бош вазири лавозимини 1999-2008 йиллар эгаллаган. Ундан ташқари, бу лавозимга 2014 йилда ЕП спикери вазифасини вақтинчалик бажарган Жанни Пителла (Италия), Лауренциу Ребега (Руминия), Хелга Стевенс (Бельгия), Жин Ламберт (Буюк Британия); Антонио Тайяни (Италия) ва Элеонора Форенца (Италия) ўз номзодларини қўйдилар.

ЕПнинг янги раиси сайлови 17 январда Страсбургда 09:00да бошланади. Сайловлар уч босқичда ўтади, ғолиб мутлақ кўпчилик овоз тўплаши керак бўлади. Агар уч босқич натижасига кўра ғолиб аниқланмаса, қўшимча 4-босқич бўлади ва унда 3-босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод курашади. "Бу Европарламентга барча 750 депутат келадиган камдан-кам бўладиган кунлардан бири бўлади, шу сабабли овоз бериш олдидан шахсингизни текшириш учун гувоҳномаларингизни ўзингиз билан олиб келишни унутманг", деб айтди Мартин Шульц депутатларга юзланиб.