АҚШнинг Amazon интернет-савдо компанияси ходими яҳудий аёлга яширин равишда антисемитизм руҳида ёзилган хат жўнатгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Daily Mail газетаси хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, компания ишчиси ўз жиянига ўйинчоқ буюртма қилган аёлга жўнатилган посилка ичига “тоға Адольфдан салом” сўзлари битилган мактуб жўнатган. Жабрланган аёл дўстининг маълум қилишича, Amazon рўй берган ҳолатга аввалига эътибор қаратмади. “Биз улар билан ўша куниёқ боғландик, бироқ ҳеч қандай жавоб чоралари кўрилмади”, - қўшимча қилди у. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, компания бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, унга муносабат билдирди.

Amazon’нинг таъкидлашича, улар рўй берган ҳодисани жуда жиддий қабул қилишган. “Биз буюртмачидан узр сўрадик ва ушбу воқеага сабабчи бўлган ходимни ишдан бўшатдик”, - дея компания вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради газета.

Пойтахт полиция хизмати ходимлари воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлашди ҳамда уни нафрат туфайли амалга оширилган жиноят сифатида кўришмоқда.