Facebook 2017 йилнинг баҳорида Парижда ўзининг илк Startup Garage номли стартап-инкубаторини очади. Бу ҳақида Facebook ижрочи директори Шерил Сэндберг хабарига асосланиб, Business Insider нашри маълум қилди

Facebook 2017 йилнинг апрелида иш бошлаши керак бўлган инкубаторини Station F кампусида, аввалги темир йўл станцияси ўрнида очади. 34 минг квадрат километрли иншоот 3 минг ишчи ўринга мўлжалланган. 

Сэндберг компания дастур иштирокчилари учун 80 ишчи ўрин ташкиллаштирмоқчи эканлиги ва ҳар ярим йилда 10-15 стартап билан ишлаш нияти ҳақида маълум қилди. Facebook инкубатор қатнашчилари билан дизайн, истеъмолчи тажрибаси, маркетинг, техник қўллаб-қувватлаш каби мавзуларда семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказишни режалаштирмоқда. 

Компания инкубаторда иштирок этиш учун ижтимоий тармоқдаги лойиҳа саҳифаси орқали буюртма қабул қилмоқда. Facebook дастур иштирокчилари лойиҳалари ва уларнинг интеллектуал мулкидаги улушига талабгор бўлмаслигини маълум қилди. 

Facebook ўз дастурига бир неча йил давомида миллионлаб евро киритишни режалаштирмоқда. Ижтимоий тармоқдан ташқари, Station F лойиҳаси билан француз ва халқаро венчур фирмалари, бизнес-инкубаторлар ташкилотчилари ва юқори технологик компаниялар ҳамкорлик қилишади. 

"Биз иқтисодий ўсиш ва ишчи ўринлар яратиш учун катта салоҳиятга эга француз стартапларининг янги авлодини қўллаб-қувватлашдан хурсандмиз", - деди Сэндберг.

Station F инвестори - француз техномиллиардери Ксавье Ниль. Лойиҳага 250 миллион евро сармоя киритилган.