Ўтган йили Филиппинда ўғирлаб кетилгани тахмин қилинган жанубий кореялик тадбиркор, аслида, маҳаллий полициячилар томонидан ўлдирилган. Бу ҳақда Ёнхап ахборот агентлиги Жанубий Корея ТИВга таянган ҳолда хабар қилган. 

Агентлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Корея республикасининг Маниладаги элчихонаси Филиппин ташқи ишлар вазири Перфекто Ясайга норозилик билдириб, жиддий тергов ишлари олиб боришни талаб қилади. Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Аввалроқ, Филиппин матбуоти 53 ёшли Чи Ик Чу Анжелес-Сити шаҳридаги уйидан, бир неча одам, шу жумладан, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашувчи полициячилар либосидаги кишилар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида ёзган эди. 

Ёнхап агентлигининг хабар қилишича, Филиппин полициясининг Жанубий Корея ТИВга йўллаган мактубида, ўғрилар кореялик тадбиркорни жиноятни содир этган куни бўғиб ўлдиришгани ва эҳтимол ёқиб юборишгани таъкидланган. 

Тадбиркор полиция офицерларидан бирининг рафиқасига тегишли автомобилда гиёҳвандликка қарши курашга доир тергов юзасидан олиб кетилган. Шу мақсадда, Чи Ик Чуга ҳибсга олиш бўйича қалбаки ордерни кўрсатишган. Тахминларга кўра, ушбу жиноятга яна 4 киши, хусусан, тадбиркор уйидаги хизматчи аёл ва полиция ходимларининг алоқаси бор. 

Чи Ик Чу йўқолганидан 2 ҳафта ўтгач, ўғрилар унинг яқинларига қўнғироқ қилишган ва 100 минг доллар миқдорида товон пули талаб этишган. Ҳеч нарсадан хабари йўқ тадбиркор яқинлари бу маблағни жиноятчиларнинг ҳисобига ўтказишган. Бундан ташқари, ғаразгўйлар ўз қурбонларининг кредит картасидан ҳам пул ечиб олишган.