Каталония ҳукумати вакили Карлес Пучдемон Испания бош вазири Мариано Рахойга бошқа автоном ҳудудлар раҳбарлари билан ўтадиган учрашувга келолмаслигига изоҳ берилган расмий мактуб йўллади. Бу ҳақида ABC газетасида хабар берилди

Манбага кўра, атиги бир варақдан иборат қисқа хатда Каталония раҳбари бирйўла учта орфографик хатога йўл қўйган. Бундан ташқари, вилоят раҳбари автономия номини испан эмас, каталон тилида ёзган. 

Рахой 17 январдан бошлаб испан минтақалари етакчилари билан учрашади. Пучдемон ушбу тадбирда қатнашмасликка қарор қилди. У бош вазирга битган мактубида, хусусан, Мадридни Каталония мустақиллигига доир референдум ўтказиш масаласи бўйича мулоқотга чақирди.

Каталония - Испания шимоли-шарқидаги автоном жамият. Сўнгги йилларда минтақада сепаристик кайфият сезиларли даражада кучайди. 2016 йилнинг 6 октябрида ҳудуд парламенти мустақилликка доир референдумни 2017 йилнинг сентябри охиригача ўтказиш тўғрисидаги резолюцияни тасдиқлади.

2016 йилнинг декабрида Испания Конституцион суди мамлакат ҳукумати мурожаатини кўриб чиқиш учун қабул қилди, шу муносабат билан резолюция ҳаракати автоматик равишда тўхтатиб қўйилди. Шунга қарамай, Каталония ҳукумати вакили Карлес Пучдемон "Каталония аҳолиси ва парламентининг йўл харитаси сақланиб қолиши"ни таъкидлади. "Каталонияликлар овоз бериш, муҳокама қилиш ва йиғилиш ҳуқуқига эгалар", - деган ҳудуд раҳбари. 

Бундан аввал Рахой Каталония мустақиллигига доир референдумга рухсат бермаслигини маълум қилган. "Биз барча саволларни муҳокама қилишга тайёрмиз: бюджет, инвестициялар, инсонларнинг кундалик ҳаётига тегишли мавзулар. Мен шуни маълум қилмоқчиманки, Испания бирдамлиги, миллий суверенитети ва испанлар тенглигига раҳна солувчи референдум ўтказилишига розилик бермайман", - дея огоҳлантирган ҳукумат раҳбари.